Ижтимоий ходимлар энди скутерларда хизмат қилади
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида олис ҳудудларда хизмат кўрсатаётган 12 нафар ижтимоий ходимга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси томонидан скутерлар топширилди.
Маълумки, ижтимоий ходимлар ўз ҳудудларидаги ёрдамга муҳтож кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларига доимий равишда ташриф буюриб, уларнинг муаммоларини ҳал этишда кўмаклашади. Айниқса, олис ва чекка ҳудудларда бундай хизматларнинг аҳамияти янада ортади.
Янги скутерлар ижтимоий ходимларга ўз вақтида манзилларга етиб бориш, аҳоли билан мулоқот қилиш ва уларнинг муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш имконини беради. Бу ўз навбатида, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади.
— Бугунги кунда ижтимоий ходимларнинг масъулияти катта, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Азиз Машрабов. — Улар аҳолининг энг заиф қатламларига ёрдам беришдек шарафли вазифани бажармоқда. Бошқармамиз уларнинг ишини енгиллаштириш, шароитларини яхшилаш учун доимо ҳаракатда.

Шунингдек, скутерлар топширилган ижтимоий ходимлар ўз миннатдорчиликларини билдириб, бундан буён ҳам садоқат билан ишлашга ваъда беришди.
— Туман марказидан 25 км олисда жойлашган Узумзор маҳалласида фаолият олиб бораман, — дейди маҳалладаги ижтимоий ходим Саида Эргашова. — Маҳаллам ҳудудининг асосий қисми қир адирликдан иборат. Аҳоли хонадонлари тарқоқ жойлашган. Мингдан ортиқ фуқарога хизмат кўрсатиш анчайин қийинлик туғдираётган эди. Энди ушбу қийинчиликлар ортда қолди. Замонавий скутер орқали халқимизга тез ва сифатли хизмат қиламан.
Мазкур лойиҳанинг вилоят миқёсида оммалаштирилиши режалаштирилган. Бу Сурхондарё вилоятидаги барча ижтимоий ходимларнинг иш шароитларини яхшилаш ва уларнинг фаолиятини янада самарали ташкил этиш имконини беради.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг