Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга енгиллик яратилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Партия сайловолди дастурида - миграция соҳасида юзага келадиган муносабатларни тартибга солиш ҳамда давлат, жамият ва фуқаро манфаатларига ижобий таъсир қиладиган миграция муаммоларини ижобий ҳал қилиш вазифаси қўйилган.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳасининг жамиятимиз ва қонунчилигимиз учун аҳамияти ва муҳимлиги юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Лойиҳадаги айрим нормалар бўйича бир қатор саволларни ўртага ташлашди.
Хусусан, депутатлар лойиҳанинг 223-3-моддаси бўйича қонун ташаббускорларига бир қатор саволлар беришди. Амалдаги моддада фақат мансабдор шахсларга нисбатан жарима қўллаш белгилангани, таклиф этилаётган моддада давлат мулки ҳисобланган паспортни ёки идентификацияловчи ИД-картани қонунга хилоф равишда олиб қўйганлик ёхуд гаровга олганлик учун фақат мансабдор шахсларга эмас, балки барча учун жавобгарликни белгилаш мақсадида аниқ жарима миқдорини белгилаш таклиф этилаётганлигини қайд этдилар. Таклиф этилаётган таҳрирда барча фуқароларга тегишли этиб белгиланаётгани қанчалик тўғри?, деган саволни ўртага ташлашди.
Қонун ташаббускорлари бугунги кунда жамиятимизда фуқаролик паспорти ёки ИД-картани гаровга қўйиб, кўплаб ўғирлик ва товламачиликлар содир этилаётганини билдирди.
Уларнинг айтишича, оддий велосипед олишда паспорт ёки ИД картани гаровга қўйиб, алдаб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Суриштирувлар натижасида бундай ҳолатларда ушбу воситалар гаров эвазига берилаётгани аниқланган. Мазкур қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган жарималарнинг барча шахсларга нисбатан қўлланиши юзага келаётган ҳолатларнинг олдини олишга ёрдам беради.
Таъкидланишича, ҳозирги кунга қадар ушбу модда фақат мансабдор шахсларга нисбатан қўлланилар эди. Ўрганишлар шуни кўрсатадики, сўнгги 2 йилда 223-3-моддаси бўйича мансабдорларга нисбатан фақатгина бир маротаба баённома расмийлаштирилган. Бундан кўриниб турибдики, ушбу соҳадаги қонун бузилишлари оддий фуқаролар томонидан ҳам кўплаб содир этилаётганининг гувоҳи бўлишимиз мумкин.
Қонун ташаббускорларининг таъкидлашича, таклиф этилаётган лойиҳанинг қабул қилиниши аҳоли орасида ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга енгиллик яратилиб, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳамда маъмурий ишларни кўриб чиқишда ортиқча бюрократияни ҳамда коррупцион ҳолатларни олдини олиш таъминланади.
Қизғин савол-жавобларга бой бўлган йиғилишда қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг