Ижодкор аёллар тақдирланди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида юртимиз маҳаллаларида истиқомат қилаётган ижодкор аёллар ўртасида ўтказилган «Назм гулшани» ва «Қалам сеҳри» номли шеърлар, ҳикоя ва қиссалар ижодий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда ёзувчи-шоирлар, ғолибларнинг яқинлари ҳамда талаба-ёшлар жам бўлди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан бугунги кунда мамлакатимизда ижодкорларнинг, айниқса, хотин-қизларнинг ҳар соҳада фаоллигига катта эътибор қаратилаётганини таъкидланди.
Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган танловга ижодий ишлар шу йилнинг 15 мартдан 25 мартгача қабул қилинди. Унда барча вилоятлар ва Қорақалпоғистондан ижодкор аёллар иштирок этди.
— Танлов жараёни жуда қизғин кечди, — деди шоира Фароғат Худойқулова. — Унга 2022-2024 йилларда китоб ҳолида, шунингдек, газета ва журналларда чоп этилган ҳамда электрон шаклдаги 40 нафар муаллифнинг 70 дан ортиқ ижодий ишлари қабул қилинди ва ҳар бири ҳакамлар ҳайъати томонидан сараланди.
Ҳайъат аъзолари иштирокчиларнинг ижод намуналарида ватанга садоқат туйғусини уйғотадиган, миллий қадриятларимизнинг асралишида, ижтимоий ҳаётдаги ютуқларимизни кўрсатиб берадиган аёл, ватан, инсонийлик мавзуларида ёзган шеърлари, ҳикоя ва қиссаларига холисона баҳо берди.
Натижаларга кўра, 1 ўрин республика матбуотида эълон қилинган шеърлари учун Ойгул Суюндиқовага, 2 ўрин «Ҳаворанг насимлар» шеърий тўплами учун Нилуфар Умаровага, 3 ўрин «Тақдир сўқмоқлари», «Қайдасан Чинара?» қиссалар тўплами учун Оралхан Сапаровага насиб этди. Шунингдек, бир гуруҳ ижодкорлар рағбатлантирувчи сифатида мукофотланишди.
Тадбир якунида совриндорларга Ёзувчилар уюшмасининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Ижодкор аёлларнинг шеърлари тингланди.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг