Ижодий имтиҳонни ота-оналар интернет орқали кузатиб боришмоқда

17:03 24 Июль 2023 Жамият
1366 0

Фото: “Халқ сўзи”

Бугун Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2023-2024 ўқув йили учун қабул жараёнларида бакалавриатнинг алоҳида иқтидор талаб қилинадиган таълим йўналишларида касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди.

Жисмоний маданият, мусиқа таълими, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси таълим йўналишлари бўйича ўтказилаётган имтиҳонларнинг белгиланган талаблар асосида адолатли ҳамда ошкора ўтиши жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари, шу билан бирга, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан бириктирилган вакиллар томонидан назорат қилинмоқда.

Ижодий имтиҳон жараёнларини ота-оналар интернет тармоғи орқали тўғридан-тўғри кузатиб бориши учун барча имкониятлар яратилган.

Абитуриентларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш учун Ўзбекистоннинг турли таълим муассасалари, хусусан, Бухоро, Наманган ва Қарши давлат университетлари, Шаҳрисабз, Қўқон давлат ҳамда Ўзбекистон-Финляндия педагогика институтларидан тажрибали профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар бириктирилган бўлиб, улар томонидан ҳар бир абитуриентнинг тайёргарлиги одилона баҳоланиб, тўплаган баллари ўша пайтнинг ўзида маълум қилинмоқда.

— Бугун қизим институтнинг мусиқа таълими йўналишида ижодий имтиҳон топширмоқда, — дейди Қўнғирот туманидан келган абитуриентлардан бирининг онаси Дилафруз Айимбетова. — Қизимнинг кичкиналигидан шу соҳага бўлган қизиқишини кўриб, қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилдик. У мусиқа сирларини ўрганиб, машҳур мусиқачи бўлишни олдига мақсад қилган. Мана, бугун институтга келиб, имтиҳон жараёнлари қандай ўтаётганлигини тўғридан-тўғри кузатиб ўтирибмиз.

Шу фурсатдан фойдаланиб, ҳозиргина имтиҳон топширган абитуриент билан суҳбатлашдик.

— Жисмоний маданият таълим йўналишига ҳужжат топширдим ва бугунги имтиҳонда ўзимнинг жисмоний ҳамда руҳий тайёргарлигимни намоён этишга ҳаракат қилдим, — дейди қораўзаклик абитуриент Женисбай Турғанбаев. – Ўтган йилларда ҳам олий ўқув юртига ҳужжат топшириб, кира олмаган эдим. Бу йил устозларимиз билан яхши тайёргарлик кўриб, имтиҳонда ҳам яхши натижаларга эришишга ҳаракат қилдим. Имтиҳон адолатли ўтяпти деб ҳисоблайман. Чунки, барча абитуриентларга ўз натижалари ўша пайтнинг ўзида, ҳеч қандай тўсиқларсиз маълум қилинмоқда.

Ғайрат ОТАЖОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер