“Ижара”да яшаётган бошпанасиз кутубхона

12:59 23 Январь 2024 Жамият
515 0

Булоқбоши тумани ахборот кутубхона маркази кўчада қолиши мумкин. Гап шундаки, ташкил топганига беш йил бўлган ушбу марказ шу пайтгача ўзининг муқим манзилига эга эмас. Айни пайтда у 4-умумтаълим мактаби биносида жойлашган. Бино аукционда тадбиркор Махлиёхон Собирова томонидан сотиб олинди. Энди у бу ерда хусусий мактаб очмоқчи. Шу боис кутубхона мудири номига: “Бўлди, шунча вақт яшадинглар, энди жойларингни топинглар... яна қанча кутишим керак?..” деган мазмундаги номаларни юбормоқда.

Боши қотган мудира ҳали туман ҳокимига, ҳали вилоят ташкилотига, ҳали депутатлар қабулига мурожаат қилавериб, тинкаси қуриди. Юқори идораларга юборилган хатлар, сўровномалар ёш болаларни хўроз қанд билан алдаганларидек, “...кўриб чиқилади, ўрганилади ёки тегишли жойларга юборилди...” каби алдовчи жавоблардан иборат бўлмоқда. Хуллас, қайга борса “Отангга бор, онангга бор...” қабилидаги ишлар холдан тойдирди. Натижа эса йўқ... Тўғри, туман ҳокими Ўткирбек Маъмуров: “Ҳозирча ўша бинодан чиқмай турасизлар, тадбиркор билан келишганмиз” мазмунидаги жавобни йўллади. Бироқ, тадбиркор кутубхонани бинодан чиқиб кетишини талаб қилганига қараганда ҳеч қандай келишув бўлмаган.

— Айни пайтда кутубхонамиз 23 минг 109 та китоб фондига эга, — дейди кутубхона мудири Муборакхон Исақова. — Электрон ресурслар сони эса 300 минг 146 тани ташкил этади. Китобларимиз сони мунтазам ортиб бормоқда. Масалан, охирги марта Алишер Навоий номли Ўзбекистон миллий кутубхонаси томонидан 462 дона китоб совға қилинди. 2023 йил давомида адабиётларимиз сони 1 минг 668 тага ортди.

Асосан қишлоқ хўжалигига мослаштирилган туманда истиқомат қилувчи аҳоли орасида ҳам китобни яхши кўрувчи, уни севиб мутолаа қилувчилар кўпчиликни ташкил этади. Ҳозирга қадар уларнинг сони 13 минг 495 нафарга етди. Бунга кутубхонада ташкил этилаётган янги асарлар тақдимотлари, билимлар беллашувлари, китобхон оилалар мусобақалари каби тадбирларнинг мунтазам ўтказиб келинаётгани ҳам сабаб бўлмоқда.

— Бутун умрим давомида китоб мутолаасини канда қилмаганман, — дейди меҳнат фахрийси Абдуллажон Ҳакимов. — Шу боис ҳанузгача кутубхонага қатнайман. Агар, у биносиз қоладиган бўлса, билингки, туманимизда маънавиятга, маърифатга бўлган муносабатнинг ҳам баҳоси нолга тенг бўлиб қолади.

Кутубхонада бўлганимизда китобхонларнинг аксарияти ёшлардан иборат эканлигига амин бўлдик. Зеро, бугунги йигит-қизларни китоб мутолаасига қайтаргунча ҳукуматимиз қанчадан-қанча чора-тадбирларни амалга татбиқ этди.

— Ҳозир мактабда ўқувчисиман, — дейди фойдаланувчи Диёра Аҳмедова. — Келажакда институтга кириб, устозлик касби бўйича таълим олишни хоҳлайман. Бунинг учун кўпроқ ўқишим керак. Афсуски, менга керакли бўлган қўлланмаларнинг нархи жуда қиммат. Репетитордан сабоқ олишнинг ҳам имкони йўқ. Кутубхонада эса керакли барча қўлланмаларнинг электрон шакли мавжуд. Қолаверса, фойдаланиш ҳам бепул.

Ҳар қандай юксакликнинг пойдевори маънавиятдир! Ҳар қандай юксак савияли инсоннинг асоси билимдир! Маърифатга беписандлик билан қаралган кундан бошлаб инқироз сари юз тутилаверади. Шундай экан, жуда катта билим масканига айланган кутубхонанинг тақдирига бефарқ қараб бўлмайди. Кутубхона кўчада қолишининг олдини олиш, бунинг учун уни доимий манзил билан таъминлаш муҳимдир.

Умид қиламизки, Булоқбоши тумани ҳокимлиги, маънавиятга дахлдор раҳбарлар ва бели бақувват ҳомийлар “ижарада” аранг кун кечираётган “шўрлик” кутубхонани янги, муҳташам ва замонавий бино билан таъминлашда бош-қош бўладилар. Негадир бунга ишонгимиз келяпти.

Яна билмадик...

Маҳмуджон ИБОЕВ, журналист.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер