Ижара ва лизинг муносабатларидаги қонунбузилиш ҳолатларининг олди олинади

17:41 16 Май 2023 Сиёсат
601 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ижара ва лизинг муносабатларини тартибга солишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни самарали тартибга солиш, ушбу соҳадаги қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш, шартномавий муносабатларда қонунийликни таъминлаш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, таҳлиллар жисмоний ва юридик шахсларнинг ўртасидаги ижара ва лизинг муносабатларида қонунбузилиши ҳолатларининг сони тобора ортиб бораётгани ҳамда қонунчилик ҳужжатларига ушбу ҳолатларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш заруратини кўрсатмоқда.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномасининг аниқ таърифи ва унинг хусусиятлари, ушбу шартномавий муносабатларда шартнома объектини тасарруф этиш, гаровга қўйиш ва ундирувга қаратишга доир қоидалар назарда тутиляпти.

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ижара ва лизинг муносабатларидаги қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олишга, шунингдек, ушбу соҳада жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий ҳуқуқлари кафолатини таъминлашга хизмат қилади.

Мажлисда депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор таклифлар беришди. Ҳужжатдаги айрим нормалар бўйича асосли саволлар ўртага ташланди. Қизғин кечган тортишувлардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер