Избосканда 33 та маҳалла инфратузилмаси яхшиланмоқда
Фото: Халқ сўзи
Юртимизда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлар, айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрда қабул қилинган «2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қароридан сўнг жадал суръатга кирди. Ҳудуд ободлиги, фуқароларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминловчи бундай амалий ишлар Андижон вилоятининг Избоскан туманида ҳам ҳамюртларимиз миннатдорлигига сабаб бўлмоқда. Бинобарин, бу ерда 33 та маҳалларда умумий қиймати 30 млрд. 595 миллион сўмлик 48 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Айни пайтга келиб уларнинг 6 таси фойдаланишга топширилган бўлса, қолган объектларда қурилиш-бунёдкорлик ишлари авж паллада.
Тумандаги «Узун кўча» МФЙни ободонлаштириш айнан ушбу маҳалла идорасидан бошланди. Кўримсиз, ҳеч бир қулайликка эга бўлмаган МФЙ биноси “Ixtisoslashgan ziyo qurilish” хусусий корхонаси томонидан қайта таъмирланмоқда.

— Маҳалламизда йўл қурилиши соҳасидаги ишлардан ниҳоятда мамнунмиз, —дейди кенг қамровли бунёдкорлик самарасида янги қиёфага кираётган яна бир маҳалла - «Қашқарлик»да яшовчи меҳнат фахрийси Нуриддин Олимжонов. —Қишнику, бир амаллаб ўтказиб олдик, баҳорнинг ёғин-сочинида нима қиламиз, деган ҳадикларимиз ариди. Боиси, кўчаларимизга бетон қопламаси ётқизиляпти. 2,5 км масофадаги ариқларни тозалаш ишлари ҳам кўнгилдагидек бажарилди. Бир сўз билан айтганда, энди кўчаларимиз об-ҳавонинг ҳар қандай инжиқликларига тайёр.
Умуман олганда, Избоскан туманида юқорида келтирилган қарор ижросини таъминлаш доирасида 25 та объектда ичимлик суви таъминотини яхшилаш, 18 та маҳаллада ички йўлларни таъмирлаш, шағал ва бетон қопламасини ётқизиш, битта маҳалладаги 20 та эски электр сим ёғочларини темир-бетон устунларга алмаштириш ишлари олиб бориляпти. Бир пайтлар узоқ йиллик муаммолар гирдобида қолган маҳаллалар эндиликда тумандаги энг замонавий, қулай шароитга эга бўлган манзилларга айланмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг