Июль ойида об-ҳаво қандай бўлади?

21:15 01 Июль 2024 Жамият
848 0

«Ўзгидромет» бу йил ёз фаслининг ўртасииюль ойи қандай бўлиши ҳақида хабар берди.

Прогнозга кўра, июль ойи қулай шароитлардан бошланади, 1-3 июль кунлари ҳаво ҳарорати 31-36 даража атрофида, жанубда 38-40 даражагача бўлади.

Сўнгра июль ойи ҳарорат тартиби бўйича меъёрга яқин бўлиши кутилмоқда. Ойнинг катта қисмида ҳаво ҳарорати 35-40 даража атрофида, жанубда ва чўл ҳудудларда 41-43 даражагача бўлади. Фақат айрим кунларда ҳарорат бу қийматлардан 2-3 даражага юқори бўлиши мумкин.

Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ўртача 40 даража ва ундан юқори ҳароратли июль ойида жуда иссиқ кунлар сони 2 кундан 5 кунгача, шимолда 6-8 кунни, жанубда ва чўл ҳудудларда 12-15 кунни ташкил этади. Сўнгги йилларда бундай иссиқ кунлар сонининг кўпайиши тенденцияси кузатилмоқда.

Республика бўйича баъзи жойларда, асосан тоғ олди ва тоғли ҳудудларда июль ойининг айрим кунларида маҳаллий хусусиятга эга бўлган қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши эҳтимоли бор.

Инфографика: Ўзгидромет.

Синоптикларнинг эслатишича, 2014 йил июль ойи иқлимий меъёрдан совуқроқ, 2016 ва 2020 йилларнинг июль ойлари меъёрдан бироз иссиқроқ бўлган.

Республика ҳудудининг катта қисмида метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун 2019 йил июль ойи энг иссиқ бўлди. Мисол учун, Тошкент шаҳрида 14 кун давомида максимал ҳаво ҳарорати кетма-кет 40 даражадан юқори бўлиб, энг иссиқ кунларда эса 43 даражагача етган.

Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларида 2018 йил июль ойи, энг чекка жанубда эса 2021 йил июль ойи энг иссиқ бўлган.

Юқорида қайд этилган йилларда максимал ҳаво ҳарорати 41-43, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 44-45 даражага етган. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий вилоятларида баъзи жойларда ҳаво ҳароратининг тарихий максимуми 46-48 даража бўлган. Республиканинг қолган ҳудудларида бошқа йилларда ҳам максимал ҳароратнинг мутлақ рекордлари ўрнатилган.

Тошкентда рекорд ҳаво ҳарорати ҳали ҳам 44,6 даражани ташкил этади, бу 1997 йил июль ойида қайд этилган. Ўзбекистон ҳудуди бўйича энг юқори июль ойи ҳарорати барча кузатув йиллари учун Қизилқум чўлида қайд этилган. Ушбу ҳудудда 1983 йил июль ойида ҳаво ҳарорати 50 даражага етган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер