Италия ҳаво кучларига тегишли самолёт Кобулда ўққа тутилди
Фото: Reuters
Италия Ҳарбий ҳаво кучларининг Афғонистондан эвакуация тадбирларига жалб этилган C-130 русумли самолёти Кобул аэропортида ўққа тутилган.
"La Stampa" хабарига кўра, ҳаво кемаси учиш-қўниш йўлагидаёқ ўққа тутилган ва қурбонлар йўқ. Манбада самолёт ким томонидан ҳужум уюштирилганига аниқлик киритилмаган.
Аниқлик киритилишича, самолёт журналистлар ва 98 нафар афғон фуқароси олиб кетаётган эди. Ҳаво кемаси Италия Ҳарбий ҳаво кучларининг аёл учувчиси бошқарувида бўлган ва у чаққонлик қилиб, самолётни ўқларнинг траекториясидан узоқлаштиришнинг уддасидан чиққан.
Қайд этилишича, самолёт Кувайтдаги Ал-Салим авиабазасига йўл олган ва у ердан йўловчилар бошқа лайнер орқали Италияга олиб кетилади.
Ҳозирда Кобул аэропортига эркин киришнинг имкони йўқ. Афғонистонда назоратни қўлга олган «Толибон» ҳаракати аэропортга киришда назорат пункти ўрнатган ва фақат хориж мамлакатлари фуқаролари ва визаси ёки махсус таклифномасига эга бўлган афғон фуқароларини аэропорт ҳудудига киришга рухсат бермоқда.
«Толибон» ҳаракати 31 августгача АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан бутунлай олиб чиқиб кетишини талаб қилмоқда.
«Толибон» ҳаракати раҳбарлари Вашингтонга АҚШ қўшинлари Афғонистондан ўз вақтида олиб чиқилмаган тақдирда ҳарбий жавоб бериш билан таҳдид қилди. Агар АҚШ 31 августга қадар мамлакатдан ҳарбий контингентини олиб чиқмаса, жавоб чоралари қаттиқ бўлиши мумкин.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг