“Москва энергетика институти” Миллий тадқиқот университети”да Конституция кунига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди

15:57 07 Декабрь 2023 Жамият
358 0

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги миллий байрам сифатида бутун мамлакат бўйлаб кенг нишонланмоқда. Меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда ва таълим муассасаларида турли тадбирлар ташкил этилмоқда.

Уларда янги таҳрирдаги бош Қомусимиз шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, дини, ирқи ва тилидан қатъи назар, барча учун мустаҳкам ҳимоя, фуқаролик жамияти истиқболини белгилаб берувчи дастуриламал ҳужжат экани ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда

Тошкент шаҳрида “Москва энергетика институти” Миллий тадқиқот университети” Федерал давлат бюджет олий таълим муассасаси филиалида ўтказилган тадбирда ҳам ана шу жиҳатларга яна бир эътибор қаратилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу таълим муассасаси Президентимизнинг 2018-йил 23-октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ ташкил этилган. Ушбу олийгоҳ республикамизнинг энергетика тармоғи учун юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида фаолият олиб бормоқда.

Тадбирда сўзга чиққан “Москва энергетика институти” Миллий тадқиқот университети” Федерал давлат бюджет олий таълим муассасаси филиали директори ўринбосари, профессор Ахмет Искендеров Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар ўзбек давлатчилиги, фуқаролик жамиятини янада мустаҳкамлашга, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилгани ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Таваккал Чориев эса ўз чиқишида янги таҳрирдаги Конституциямизнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

— Янги таҳрирдаги Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлди, — дейди “Москва энергетика институти” миллий тадқиқот университети профессори Баҳром Эгамбердиев. — 65 фоизга янгиланган Бош қомусимизнинг нормалари 275 тадан 434 тага, унда давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар сони эса 3 баробар кўпайди. Буларнинг барчаси фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини умумеътироф этилган тамойиллар асосида таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Тадбир сўнггида институт талабаларининг Конституция кунига бағишлаб тайёрлаган чиқишлари ва видеороликлари намойиш этилди.

Нуруллоҳ ОСТОНОВ, “Халқ сўзи”.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер