«Истеъмолчилар уйи»: замонавий хизматлар ва жамоатчилик назорати уйғунлиги
Фарғона шаҳрида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси ташаббуси билан янги қуриб битказилган — «Истеъмолчилар уйи» тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Таъкидлаб ўтилганидек, барча замонавий шароитлар муҳайё этилган бино нафақат янги инфратузилма объекти, балки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқувчи муҳим марказ сифатида ҳам фаолият кўрсатади.
— Бу шунчаки мурожаат қабул қиладиган жой эмас, балки аҳоли, давлат идоралари ва тадбиркорлар ўртасида ишончли мулоқотни таъминловчи очиқ майдон вазифасини бажаради, — дейди Федерациянинг Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси раҳбари Аҳроржон Раҳмоналиев. — Шу тариқа шаффоф ва самарали хизмат кўрсатиш сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик назорати кучайтирилади.
Шунингдек, яқин истиқболда таҳлил, мониторинг ва профилактика ишларини кенгайтириш орқали соҳадаги тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган муҳим платформани шакллантириш мақсад қилинган.
Айтиш жоиз, ўтган йили ҳудудий бирлашма ҳамда туман-шаҳар жамиятларига 913 та мурожаат келиб тушиб, ўрганиш ишлари натижасида истеъмолчилар фойдасига 1 млрд 911 млн сўм маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди. Шундан қарийб 434 млн сўм суд идораларига киритилган даъво аризалари кўриб чиқилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига ундирилган моддий ва маънавий зарарларни ташкил этади.
Ўз навбатида тизим ташкилотлари қошида ташкилланган «Истеъмолчи билан мулоқот» ҳуқуқий маслаҳатхоналари орқали 700 нафар ҳамюртларимизга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Ички бозорда сотилаётган истеъмол товарларининг сифати ва хавфсизлиги, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бошқа талабларини таъминлаш бўйича 17 та мониторинг кузатувлари ўтказилди.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг