Истанбулга тўтиқушлар хавф солмоқда
Ҳалқали (маржонли) тўтиқушлар Истанбулнинг деярли барча ҳудудларида катта колониялар ҳосил қила бошлашган ҳолда қарға, олмахон ҳамда кўршапалакларнинг уялари ва яшаш жойларини эгаллаб олишмоқда.
Бу ҳақда истанбуллик биологлар баёнотларига таяниб маҳаллий Hurriyet нашри хабар бермоқда.
Таъкидланишича, аслида, Жанубий Осиё ва Шарқий Африкада яшовчи ҳалқали тўтиқушлар илк бора Истанбул боғларида 1996 йилда пайдо бўлишган. Ўшанда Истанбулнинг Бейкоз туманида бир неча юзлаб ушбу қушларни олиб кетаётган машина ағдарилиб кетган. Шундан сўнг тўтиқушлар учиб кетишган ва шаҳарга ўрнашиб олишган.
Маълумотларга кўра, ҳалқали тўтиқушлар дастлаб Авлиё София ва Юлдуз яқинидаги Гулхона марказий боғларини эгаллашган, аммо сўнгги пайтларда популяцияси кўпайган тропик қушлар Истанбулнинг бошқа ҳудудларида ҳам тарқала бошлашган.
«Беш йил олдин шаҳарда миқдори юзларни ташкил этган тўтиқушлар, ҳозирда олти мингга яқин», - деяётган биологларнинг ҳисоблашларича, мамлакат бўйлаб жойлашган ушбу турдаги қушлар сони аллақачон 10 мингга яқинлашган. Уларнинг асосий қисми Истанбулдан ташқари, Измирда ҳам қўним топишган.
Қайд этилишича, қушларнинг кўпайишини Истанбулнинг жуда юмшоқ иқлими (ҳалқали тўтиқушлар учун қулай ҳарорат Цельсий шкаласи бўйича 15 даража ҳисобланади) ҳамда кўплаб озиқ-овқатлар осонлаштирмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг