Исроилнинг Ғазога қилган ҳужумлари оқибатида яна икки нафар журналист ҳалок бўлди
Кеча, 24 март куни Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари натижасида «Al Jazeera» телеканали журналисти Хуссам Шабат ва «Palestine Today» газетаси мухбири Муҳаммад Мансур ҳалок бўлди.
Журналист Хуссам Шабатнинг вафотига гувоҳ бўлган шахсларнинг таъкидлашича, у ўзининг шахсий автомобилида ҳаракатланаётган чоғда Исроил ҳарбийлари томонидан нишонга олинган.
Маълум бўлишича, 23 ёшли журналист Хуссам Шабат Исроилнинг аввалги ҳужумларидан бирида ҳам яраланган, бироқ у ўз вазифасини бажаришни хоҳлаб, Ғазодаги янгиликларни ёритишда давом этган.
Яна бир «Al Jazeera» мухбири Тариқ Абу Аззоумнинг таъкидлашича, Исроил ҳарбийлари ҳеч қандай олдиндан огоҳлантиришларсиз журналист Шабат ва унинг автомобилини нишонга олган.
«Сўнгги 18 ойлик уруш давомида ҳар бир дақиқамни ўз халқимга бағишладим. Мен Ғазо шимолидаги даҳшатларнинг ҳар бир лаҳзасини ҳужжатлаштириб олдим ва уларни дунёга очиқлашга ҳаракат қилдим.
Мен йўлакларда, чодирларда, вайрон бўлган мактабларда ухладим, ойлар давомида очликка чидадим, тирик қолиш учун курашдим. Ҳеч қачон халқим ёнидан кетмадим.
Агар сиз буни ўқиётган бўлсангиз, демак мен Исроил ишғол кучлари томонидан ўлдирилганман, эҳтимол нишонга олинганман. Барча фаластинликлардан узр сўрайман. Ғазо халқи гапиришдан тўхтаманг. Фаластин озод бўлгунига қадар курашинг», — деб ёзган Шабат ўлимидан олдин «Х» ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Бундан ташқари, Исроилнинг душанба кунги ҳужумлари оқибатида «Palestine Today» газетаси муҳаррири, журналист Муҳаммад Мансур ҳам ҳалок бўлган.
Маълумотларга кўра, журналист Муҳаммад Мансур ўз уйида, рафиқаси ва фарзанди билан бирга ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз ҳужумга учраган ҳамда вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан эълон қилинган ҳисоботларда мазкур уруш натижасида ҳалок бўлган фаластинлик журналистлар сони 150 нафардан ортгани ҳақида хабар қилинган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг