Исроил кучлари фаластинлик маҳбуслар сақланаётган қамоқхонага ҳужум қилди
Исроил махсус кучлари томонидан босиб олинган Рамаллаҳ ғарбидаги Офер қамоқхонасида ўтказилган рейдлар давомида яҳудий аскарлари фаластинлик маҳбусларга ҳужум қилди. Бу ҳақда «Anadolu Ajansi» нашри хабар берди.
Нашрга кўра, Исроил ҳарбийлари фаластинлик маҳбуслар сақланаётган қамоқхонада рейд ўтказиш баҳонасида маҳбусларга босим ўтказишга уринган.
«Ҳибсда сақланаётган фаластинлик маҳбусларни калтаклашди ва уларнинг устига турли хилдаги хавфли суюқликлар сепишди», — дейилади ҲАМАС томонидан бошқариладиган Маҳбуслар матбуот хизмати баёнотида.
Ушбу ҳолат натижасида жароҳат олганлар ёки ҳалок бўлганлар ҳақида аниқ маълумотлар берилмаган.
Фаластин инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунга келиб Тель-Авив ўз қамоқхоналарида 10 мингдан ортиқ фаластинлик маҳбусларни сақлаб келмоқда.
Маълумот учун, 19 январь куни кучга кирган Ғазо келишувининг биринчи босқичига кўра, ҲАМАС ҳамда Исроил 1135 нафар фаластинлик маҳбус эвазига 19 нафар исроиллик асирни озод қилишга келишиб олган эди.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро жиноий суд ноябрь ойида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва унинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни Ғазодаги уруш ҳамда инсониятга қарши жиноятларда айбдор санаб, ҳибсга олиш ордери берганди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг