Исроил ҳаво ҳужумида сув олиш учун навбатда турган болалар ҳалок бўлди. Исроил буни «техник хато» деди
Фото: Getty Images
Якшанба куни Исроилнинг Стрип марказида ҳаво ҳужуми оқибатида 10 киши, жумладан, олти нафар бола ҳалок бўлди. Болалар сув олиш учун навбатда турган бўлган. Бу ҳақда Ғазо фавқулодда вазиятлар расмийлари маълум қилди.
«Нусейратдаги Ал-Авда касалхонасига ўн олти ярадор, жумладан, етти бола ҳам олиб келинди», — дейди шифохона шифокори.
Исроил ҳарбийлари «Исломий Жиҳод» гуруҳидан «террорчилар» деб таърифлаган одамларни нишонга олишда «техник хато» бўлганини айтди. «Зарба вақтида ўқ-дорилар нишондан бир неча ўн метр узоқликда келиб тушган ва ҳодиса тергов қилинмоқда», — дейилади яҳудий давлати мудофаа кучлари баёнотида.
Исроил мудофаа кучлари, шунингдек, зарба натижасида ҳудуддаги қурбонлар ҳақидаги даъволардан хабардор эканини билдирди. Қўшимча қилинишича, «иложи борича» тинч аҳолининг қурбон бўлишига йўл қўймасликка ҳаракат қилинмоқда ва «бегуноҳ фуқароларга етказилган ҳар қандай зарардан афсусда».
Ғазода яна нима содир бўлмоқда
Гувоҳларнинг хабар беришича, Исроил ҳарбийлари Нусейрат қочқинлар лагеридаги сувга навбатда турган оломонга ракета билан зарба берган. Ҳужумдан кейин пайдо бўлган видеоларда қонга беланган болалар ва жасадлар акс этган. Воқеа жойига зудлик билан етиб борган аҳоли жароҳатланганларни машина ва эшак араваларида касалхонага етказган.
Ғазо фуқаролик мудофааси вакилининг маълум қилишича, якшанба куни анклав марказида ва Ғазо шаҳридаги турар-жой биноларига уюштирилган ҳужумда яна 19 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.
Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг хабар беришича, шанба куни Рафаҳдаги дала касалхонасига ўқ жароҳатлари билан 132 бемор ётқизилган, улардан 31 нафари вафот этган.
Қўмита беморларнинг кўпчилиги ўқдан жароҳат олганини ва содир бўлган воқеа ҳақида аниқ маълумот бера оладиганлар озиқ-овқат тарқатиш пунктларига боришга ҳаракат қилишганини айтди. Маълум қилинишича, 27 май куни янги озиқ-овқат тарқатиш пунктлари очилганидан бери шифохонада 3400 дан ортиқ ярадор даволанган, 250 дан ортиқ ўлим қайд этилган. Бу ўтган йилдаги жами қурбонлар сонидан кўп.
«Оммавий қурбонлар, бу ҳодисаларнинг хавотирли частотаси ва кўлами Ғазода тинч аҳоли дуч келаётган даҳшатли шароитларни кўрсатади», — дейилади қўмита хабарида.
Шанба куни Ғазо жанубидаги Носир касалхонаси ёрдам тарқатиш пункти яқинида 24 киши ҳалок бўлган. У ерда гувоҳларнинг айтишича, одамлар озиқ-овқат олишга ҳаракат қилганда Исроил аскарлари ўт очган. Исроил мудофаа кучлари воқеа жойи яқинидаги отишмада қурбонлар ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди. Исроил ҳарбий амалдорининг айтишича, ҳарбийлар хавф туғдиради, деб ҳисоблаган одамларни тарқатиш учун огоҳлантирувчи ўқ узилган.
Озиқ-овқатга келганларнинг аччиқ қисмати
Жума куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси шу пайтгача ёрдам олиш билан боғлиқ 789 ўлимни қайд этганини айтди. Шундан 615 таси Ғазо гуманитар жамғармаси яқинида содир бўлган. Ғазо гуманитар жамғармаси шу йилнинг 27 май куни очилган, АҚШ ва Исроил томонидан қўллаб-қувватланадиган ва Ғазо жануби ва марказий қисмидаги ҳарбий зоналарда АҚШ хусусий хавфсизлик компаниялари томонидан бошқариладиган объект ҳисобланади.Яна 183 киши БМТ ва бошқа ёрдам колонналари яқинида ҳалок бўлган.
Ўз навбатида, Ғазо гуманитар жамғармаси БМТни ҲАМАС назоратидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «ёлғон ва чалғитувчи» статистик маълумотларидан фойдаланганликда айблади.
Жамғарма раҳбари Жонни Мур аввалроқ «ББC»га берган интервьюсида у ёрдам кўрсатилаётган жойлар яқинида ўлимлар бўлганини инкор этмаган, бироқ «бу қурбонларнинг 100 фоизи жамғарма яқинида содир бўлганини ҳақиқатга тўғри келмайди» деганди.
Исроил 2023 йилнинг 7 октябрь куни ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан Ғазода ҳарбий операция бошлаганди. Ўшандан бери, Ғазода камида 57 882 киши ҳалок бўлган. Ғазо аҳолисининг аксарияти бир неча бор уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Анклавдаги уйларнинг 90 фоиздан ортиғи бузилган ёки вайрон бўлган. Соғлиқни сақлаш, сув, канализация ва гигиена тизимлари яроқсиз ҳолатда, озиқ-овқат, ёқилғи, дори-дармон ва бошпана етишмайди.
Бу ҳафта Исроил 130 кун ичида биринчи марта Ғазога 75 000 литр ёқилғи олиб киришга рухсат берди, бу БМТнинг таъкидлашича, «аҳолининг кундалик эҳтиёжларини қондириш ва тинч аҳолига ёрдам кўрсатиш операцияларини қўллаб-қувватлаш учун етарли эмас».
Шанба куни БМТнинг тўққизта агентлиги Ғазода ёқилғи тақчиллиги «критик даражага» етганини ва унинг тугаши шифохоналар, сув тизимлари, санитария тармоқлари ва новвойхоналарга таъсир қилишидан огоҳлантирди.
«Касалхоналар аллақачон қувватсиз, туғруқ, неонатал ва реанимация бўлимлари ишламаяпти, тез ёрдам машиналари ҳаракатлана олмайди», дейилади БМТ баёнотида.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг