Исроил ҳарбийлари Ғазо секторидаги ҲАМАС туннелларини сув билан тўлдира бошлади
Фото: Reuters
Исроил ҳарбийлари Ғазо сектори остидаги ҲАМАС туннелларини сув билан тўлдиришни бошлаган.
Исроил туннелларни сув билан тўлдира бошлагани ҳақида "The Wall Street Journal" (WSJ) нашри Исроил мудофаа кучлари операциялари ҳақида маълумот берган америкалик расмийларга таяниб хабар бермоқда.
Қайд этилишича, туннелларни Ўрта ер денгизи суви билан тўлдиришга уринишлар Исроил уларни тозалаш ва йўқ қилишга уринаётган бир неча усуллардан биридир. Ушбу операция бир неча ҳафта давом этиши мумкин.
Бироқ, АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятининг баъзи расмийлари денгиз сувидан фойдаланиш самарасиз бўлиши ва анклавдаги чучук сув таъминотини хавф остига қўйиши мумкинлигидан хавотирда.
Ўз навбатида, Исроил мудофаа вазирининг матбуот котиби туннелдаги операциялар махфий эканлигини айтиб, изоҳ беришдан бош тортди.
Аввалроқ, Исроил мудофаа вазири Йоав Галант ҲАМАС ҳалокат ёқасида эканини айтганди. Унинг қўшимча қилишича, исроиллик ҳарбийлар Ғазо сектори шимолидаги операцияда бурилиш нуқтасига яқинлашмоқда. Анклав шимолидаги ҳаракатнинг сўнгги таянч нуқталарини ўз назоратига олмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг