Исроил армияси Ғазо секторидаги турар-жой биносига зарба берди
Фото: Reuters
Исроил армияси Ғазо сектори Хон-Юнис шаҳридаги турар-жой биносига ҳужум қилди.
Авиазарба Ан-Нассер тиббиёт мажмуаси ёнида жойлашган турар-жой биносига берилган. Ҳалок бўлганлар ва яраланганлар сони ҳозирча маълум эмас.
Қутқарув гуруҳи вайронагарчилик жойига яқинлашмоқчи бўлганида, уй яна ҳаводан зарбага учраган, натижада қутқарувчилар жароҳатланган.
Ғазо секторидаги вазият 2023 йилнинг 7 октябрь куни кескинлашди. Бунга Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатининг ҳарбий қаноти томонидан эълон қилинган “Ал-Ақсо тўфони” операцияси доирасида Исроил ҳудудига юзлаб ракеталар учирилгани сабаб бўлди. Шундан сўнг ташкилот жангчилари Исроил жанубидаги чегара ҳудудларига кириб, у ерда ҳам ҳарбий, ҳам тинч аҳолига қарата ўт очган, шунингдек, 200 дан ортиқ одамни гаровга олган.
Исроил расмийларининг сўнгги маълумотларига кўра, ушбу ҳужум оқибатида тахминан 1,2 минг киши ҳалок бўлган, бу рақам тинч аҳоли, аскарлар, чет эл фуқароларини ўз ичига олади. Шунингдек, 5 мингдан ортиқ киши жароҳат олган.
Бунга жавобан Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторида ҲАМАСга қарши “Темир қиличлар” операциясини бошлади. Бир неча кун ичида исроиллик ҳарбийлар Ғазо билан чегара яқинидаги барча аҳоли пунктларини назорат остига олди ва чизиқдаги нишонларга, жумладан, тинч аҳолига ҳаво ҳужумларини бошлади. Шунингдек, Исроил Ғазо секторини тўлиқ блокадага олганини эълон қилди: сув, озиқ-овқат, электр энергияси, дори-дармон ва ёқилғи етказиб бериш тўхтатилди.
Ўтган йилнинг октябрь ойининг охирида Исроилнинг анклавдаги операциясининг қуруқлик босқичи бошланди. Ғазо шаҳри Исроилнинг қуруқликдаги кучлари томонидан ўраб олинган ва анклав амалда жанубий ва шимолий қисмларга бўлинган.
Фаластин анклавининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 7 октябридан бери Ғазода ҳалок бўлганлар сони 22 минг кишидан ошган, 57 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг