Исматулла Иргашев Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Афғонистон бўйича махсус гуруҳи раҳбари Абдулла бин Ҳолид бин Сауд ал Кабир билан музокаралар ўтказди

22:38 27 Ноябрь 2022 Сиёсат
782 0

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

2022 йил 26 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев Ар-Риёд шаҳрида Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлигининг Сиёсий масалаларни режалаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари - Афғонистон бўйича махсус гуруҳи раҳбари Абдулла бин Ҳолид бин Сауд ал Кабир билан музокаралар ўтказди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, мамлакатга тезкорлик билан инсонпарварлик ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари муҳокама қилинди.

Абдулла бин Ҳолид бин Сауд ал-Кабир Ўзбекистоннинг бу борадаги амалий қадамларини юқори баҳолади, айниқса, жорий йилнинг июль ойи охирида Тошкентда «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт» мавзусидаги халқаро конференция муваффақиятли ўтказилганини таъкидлади.

Томонлар Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклаш, мамлакатни минтақавий интеграция жараёнларига янада кенгроқ жалб этиш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.

Саудия томони Ўзбекистон Республикасининг Афғонистонда Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар темир йўл линияси қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатлари ўз вақтида амалга оширилаётганини таъкидлаб, ушбу лойиҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди.

Афғонистоннинг янги ҳукуматига нисбатан жаҳон ҳамжамиятининг яхлит позициясини ишлаб чиқмай ҳамда халқаро гуманитар ёрдамни кўпайтирмасдан туриб, мамлакатдаги ўткир ижтимоий-иқтисодий инқирозни бартараф этиб бўлмайди, деган фикр билдирилди.

Томонлар Афғонистон масаласи бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлигининг махсус вакиллари даражасида маслаҳатлашувларни давом эттиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер