Иштихондаги ўзгаришлар бошқа ҳудудларга намуна бўла оладими?
Фото: Халқ сўзи
Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳи Самарқанд шаҳридан 65 километр олисдаги Иштихон туманининг 62 та маҳалласида уйма-уй ўрганишлар олиб бориб, халқ билан мулоқот қилиб, ҳар бир масалани қонуний ечимини топиши учун бор куч-имконият сафарбар қилинди.
Туманни обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, хусусан, жойларда ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминотини, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма объектларини яхшилаш, аҳоли муаммолари ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий масалаларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича ишлар Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида жорий қилинган тажриба асосида ташкил этилди.

Хусусан, туманда жами 27 та маҳалладаги 91,7 километр ички йўллар шағаллаштирилди, 2 километр йўл асфальтланди.
— Бизнинг «Хонақа»мизда 4 минг 255 нафар аҳоли яшайди, — дейди ушбу МФЙ раиси Самариддин Муҳаммадиев. — 4 та қишлоғимизда 17 та кўча қачон охирги марта таъмирланганини эслай ҳам олмаймиз. Республика ишчи гуруҳи келиб, ўргангач, кўчаларимизга қум-шағал ётқизиш ишлари бошлаб юборилди, 1,5 километр йўлимиз асфальтланди. Бундан ташқари электр энергияси, ичимлик суви муаммолари ҳам ҳал бўлди. 12 та трансформатор янгиланиши, 32 таси таъмирланиши, 13,2 километр янги тармоқ тортилиши, қарийб 480 дона бетон устунлар ўрнатилиши билан 5 мингдан ошиқ хонадон чироқлари ҳам, уларда яшаётган одамлар қалби ҳам нурафшон бўлди.
Яна бир муҳим янгилик туманнинг 7 та умумтаълим мактаби учун жами 196 дона қуёш панеллари етказиб келингани бўлди. Бир мактабга ажратилаётган 28 дона мазкур муқобил энергия манбасининг қуввати 15 киловатт соат бўлиб, бу наинки мактаб биносини чироқ билан узлуксиз таъминлаш, балки таълим сифатини ҳам ошириш имконини беради.
— Биз ҳар ойда 120-130 киловатт соат электр энергияси ишлатар эдик. Энди қуёш панеллари ёрдамида 10 кунда шунча электр энергияси ишлаб чиқарилар экан, — дейди 84 – умумтаълим мактаби директори Баҳодир Хўжаев. — Эндиликда биз нафақат ўзимизнинг эҳтиёж учун, балки таълим сифатини ошириш мақсадида электрон доска ва шунга ўхшаш ўқув жиҳозларимизни ишлатишга ва ортганини аҳолига ҳамда ташкилотларга сотиш имкониятига эга бўляпмиз.
Шунингдек, туманда «Темир дафтар»га киритилган жами 27 нафар оғир ижтимоий аҳволдаги инсонлар хонадонларига ҳам ички имкониятлар ҳисобидан қуёш панели ўрнатиб берилди.

Аҳоли талабидан келиб чиқиб, Иштихоннинг қишлоқ-маҳаллаларидаги 64,1 мингдан зиёд газ баллонлари янгиланди, 5 та газ тақсимлаш пункти жорий таъмирланди, 268 та газ тақсимлаш пункти ва 396,3 километр газ қувури техник кўрикдан ўтказилди.
Ишчи гуруҳ ўрганишлари натижасида 2 та сув узатиш станцияси таъмирланиб, 7 километр сув қувури ётқизилди.
— Шу ерга кўчиб келганимга 30 йил бўлди. Шундан буён истеъмолга яроқсиз сув ичиб келардик, — дейди Шайхларкент маҳалласида яшовчи Малоҳат Жобўриева. — Мана, хонадонимиздаги жўмракдан тоза ичимлик суви чиқа бошлади. Бунинг биз учун қанчалар муҳим янгилик бўлганини сўз билан таъриф беролмайман. Йўлларимиз ҳам таъмирланиб, электр таъминоти яхшиланди. Хуллас, маҳалламизда ўзгаришлар катта. Талабларимиз амалга ошиб, халқимизга қулай шароитлар яратиляпти. Бу бизга катта умид бахш этяпти.
Ўрганишлар жараёнида туманда 29 километр янги оптик толали алоқа тармоғи тортилиб, 4,5 километр тармоқ таъмирлаб берилди. Натижада Бойтуби, Янгикент, Жонроҳат сингари маҳаллалардаги қарийб 500 та хонадон юқори тезликдаги интернет тармоғига уланди. 19 та мактаб ва 2 та мактабгача таълим ташкилотларига зарур жиҳозлар, ўқув парталари, бадиий адабиётлар етказиб берилгани эса айни муддао бўлди.
Оғир турмуш шароитига тушиб қолган хотин-қизлар ва ёшлар муаммоларини ҳал қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар уй-жойларини таъмирлаш, аҳолига моддий ёрдам кўрсатиш учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилиб, 20 нафар оғир ижтимоий аҳволдаги аёлларнинг уй-жойларини қуриш-таъмирлаш ишлари бошланди. 257 та оилага эса уй-жойларини таъмирлаши учун қурилиш материаллари етказиб берилди.
Республика ишчи гуруҳи фаолияти давомида асосий эътибор тадбиркорлик ва янги иш ўринларини кенгайтириш, одамларнинг реал даромадини ошириш учун қатор лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишни қўллаб-қувватлашга қаратилди. Бу жараёнда ишсиз инсонларни лидер тадбиркорларга бириктириб, кооперация ташкил қилиш, мавжуд кооперацияларни кенгайтириш ва ривожлантиришда эса ҳар бир ҳудуднинг ўсиш драйверларидан келиб чиқилди. Айтайлик, Чинортепа маҳалласидаги қарийб 700 та оиланинг 210 дан зиёди сут-қатиқни табиий усулда қайта ишлаш билан шуғулланади. Улар тайёрлаётган хилма-хил қурутлар нафақат Тошкенту Фарғона водийси, балки Қирғизистон, Қозоғистон давлатлари, ҳатто олис Америка бозорларига ҳам етказиб бериляпти.

Чинортепадаги етакчи тадбиркорларнинг барчаси кооперация усулида ишлаяпти. Дейлик, Нодирхон Исломов раҳбарлигидаги «Нодирхон Агро продукт» корхонаси билан юзга яқин инсонлар боғланган. Уларнинг бир қисми сузма етказиб берса, бир қисми қурут тайёрлайди, қолганлар қурутни қуритиш, қадоқлаш ва транспортда ташиш каби хизматлар билан машғул. Бу икки корхонада ойига ўртача 60-80 тонна сузмадан қурут тайёрланади. Яъни бу ерда кооперацияни ривожлантириш учун етарли салоҳият, энг муҳими, маҳсулотнинг бозори бор.
— Фарзандларимизнинг ҳаммасини шу касбга ўргатдик. Бунинг ортидан кам бўлганимиз йўқ, — дейди тадбиркор Ҳабибулло Сулаймонов. — Маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларни аниқлаб, ана шундай ўнлаб оилалар билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Уларга ярим тайёр маҳсулотларни етказиб бериб, тайёр маҳсулотларни ўзимиз сотиб оламиз.
Республика ишчи гуруҳининг Чинортепадаги қурут тайёрлаётган етакчи тадбиркорлар ва ишсиз инсонлар билан мулоқотидан сўнг уларга оғир ижтимоий аҳволдаги яна 20 та оила кооперация асосида бириктирилди. Ишлаш тизими содда - тадбиркорлар уларнинг хонадонига тайёр сузма ва қутиларни етказиб беради, аҳоли эса бундан қурут тайёрлаб, қутиларга жойлаб беради. Ҳар килограмм қурут учун 3 минг сўмдан ҳақ тўланади ва шу иш эвазига ойига 5 миллион сўмгача қўшимча даромад олиш мумкин. Босқичма-босқич бу фаолият тури яна кенгайтириб борилади.
Аҳоли реал даромадини оширишга қаратилган яна бир лойиҳага кўра, чорва кластерлари аҳолига зотли қорамолларни озуқаси билан муддатли тўлов асосида етказиб беради. Шарт битта - чорвани парваришлаб, сут соғиб олиш. Бу сутни ҳам кластернинг ўзи сотиб олади. Сут ҳақининг бир қисмидан қорамол ва унинг озуқаси учун тўлов чегириб қолинади, холос. Бу эса ҳар икки томон учун бирдек манфаатли бўлиб, асосийси, оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларга ўзини моддий тиклаб олиши учун яна бир қўшимча имкониятдир.
Ўрганишлар давомида ишсизлиги аниқланган 90 нафар мурожаатчи субсидия ҳисобидан иш анжомлари билан таъминланган бўлса, тикув машинаси ажратилган аксарият хотин-қизлар тикувчилик корхоналарида кооперация асосида ишга жойлаштирилди. Аҳамиятлиси, уларга бошчилик қиладиган тадбиркор аёллар ҳам ишни оддий тикувчиликдан бошлаган. Бир мисол – Шайхлар маҳалласида яшовчи Ҳабиба Раҳмонова ўтган йили ҳам «Аёллар дафтари»да рўйхатда турарди. Республика ишчи гуруҳининг ўтган йилги фаолияти давомида унга маҳалла биносидан бўш хона ва субсидия асосида тикув машиналари ажратилган эди. Қисқа вақтда Ҳабиба юз нафардан зиёд хотин-қизларга тикувчилик сирларини ўргатди, уларнинг 20 нафари билан кооперация ташкил қилди. Улар тайёрлаётган кийим-кечакларнинг бозори анча чаққон.
—Ҳозирги кунда кооперация асосида иккита хонадонга бичилган, ярим тайёр матоларни етказиб берамиз. Улар бизга тикиб, тайёр қилиб, олиб келиб бергандан кейин ишига қараб иш ҳақини тўлаймиз, — дейди Ҳабиба Раҳмонова. — Яна ўзимизда ўқиб кетган ва уйда тикувчилик қиламан, деган талабгорлар бор эди. Уларга ҳам машинка қилиб берсак, ўзини-ўзи иш билан таъминлаган ва оиласига даромад келтирган бўларди.
Республика ишчи гуруҳи вакиллари билан мулоқотдан сўнг бу аёлнинг таклифи билан яна 10 нафар шогирдига тикув машинкалари ажратилиб, кооперация тармоғи янада кенгайди. Моҳпар маҳалласида яшовчи Манзура Хушмуродова ҳам бугун субсидия асосида тикув машинкаси олиб, кооперацияга аъзо бўлиб кирди. Энди унинг ҳам уйига хомашё олиб келиб берилиб, тайёр маҳсулот олиб кетилади. Бу унга ва оиласига қўшимча даромад манбаидир.
—Икки нафар фарзандим бор, — дейди Манзура Хушмуродова. — Уйда тикувчилик қилмоқчи эдим. Бунинг учун тикув машинкам йўқ эди. Мана, машинка ҳам беришди.Бунинг учун катта раҳмат. Энди уйда тикувчилик қилиб, ҳам фарзандларим тарбияси билан шуғулланаман, ҳам даромад топаман.
Умуман, «Оққўрғон тажрибаси» асосидаги мулоқотлар натижасида Иштихонда 725 нафар мурожаатчининг бандлиги таъминланди. Уларнинг 258 нафари доимий ишга жойлаштирилган бўлса, 249 нафари касб-ҳунарга йўналтирилди, 218 нафарининг ўзини ўзи банд қилишига эришилди. Тадбиркорлик фаолияти бўйича 235 нафар мурожаатчига 6,2 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди. Бу жараёнда «Жўра Маҳмудов» маҳалласида яшовчи Дилноза Ботирова ҳам 300 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, ўз уйида 300 ўринга мўлжалланган ўқув маркази фаолиятини йўлга қўйди. Энди маҳалла ёшлари турли фанлардан қўшимча дарс олиш учун шаҳар марказига бормай, шу ерда билим олишлари мумкин.

Ўрганишлар давомида вилоятдаги тажрибали, юқори малакали шифокорлар иштирокида маҳаллаларда бепул чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил қилингани эса аҳолига яна бир катта қулайлик бўлди. Хасталик аниқланганларнинг 302 нафари туман, 45 нафари вилоят шифохоналарига ётқизилди, 54 нафар эҳтиёжманд беморларда бепул жарроҳлик амалиёти, шу жумладан 14 нафар беморда илк бор лапароскоп усулидаги мураккаб операциялар илк бор туманинг ўзида ўтказилди.
— Марказимиз ўтган йили ўз фаолиятини бошлаган. Бугунга қадар бизга 34 турдаги замонавий тиббий жиҳозлар берилди, — дейди Иштихон туман тиббиёт бирлашмаси қошидаги туманларо қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томин касалликлар маркази бошлиғи Фазлиддин Қудратов. — Ўзим лапароскопия йўналишида ўқиганман. Лекин аппарат йўқлиги сабабли бундай операциялар ўтказилмас эди. Мана, эндиликда юқори технологияли операцияларни ўтказиш учун лапароскоп аппарати ҳам келтирилди. Натижада Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тажрибали мутахассислари билан биргаликда туманимизда биринчи марта лапароскоп усулидаги мураккаб операциялар ўтказилди. Келгусида бундай операцияларни ўзимиз мустақил бажаришга салоҳиятимиз ва имкониятимиз етади.
Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг «Оққўрғон тажрибаси» асосида Иштихон туманидаги ўрганишлари хонадонларгача кириб бориш, одамларни ўйлантираётган масалаларни энг бирламчи нуқтада аниқлаб, уларга ечим топишда муҳим аҳамият касб этди. Туманнинг 62 та маҳалласидаги қарийб 44 минг 400 та хонадону 443 та объектлардаги ўрганишлар, сайёр ва шахсий қабулларда аниқланган 10 минг 338 та масаланинг 72,2 фоизи жойида ҳал этилди. Қолган муаммолар бўйича аниқ муддат, масъуллар ва молиялаштириш манбаси белгиланиб, назоратга олинди.
Масъулларнинг қайд этишича, бундан кейин Самарқанд вилоятининг барча туман ва шаҳарларида Иштихон намунаси бўйича янгича тизимда ишлар ташкил этилади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг