Иштихонда янги корхоналар иш бошлади
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/“Халқ сўзи”. Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида бирйўла иккита янги корхона ишга туширилди. Шулардан бири — хитойлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган “HENGFENG FOODS” корхонаси қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва экспортга йўналтиришга ихтисослашган. Ушбу лойиҳа доирасида йилига 5 минг тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари қайта ишланади, айни пайтда маҳаллий ёшлардан 55 нафари иш билан таъминланган.
Туманда фаолиятини бошлаган “Ishtihan yimin import export group” корхонаси ҳам қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга мўлжалланган. Умумий қиймати 5 миллион АҚШ долларга тенг бўлган лойиҳа бўйича йилига 2 минг тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари қайта ишланади. Корхонада 20 дан ортиқ иш ўрни яратилган.
Ҳар иккала корхонага Хитой давлатидан келтирилган замонавий дастгоҳлар ўрнатилган, уларни маҳаллий ёшлар бошқармоқда.
Ушбу корхоналарнинг очилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокимлиги ва бир қатор бошқарма, идоралар раҳбарлари, фаоллар, туман жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг