Ишсизлик нафақаси ундириб берилди
Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Инсон қадрини улуғлаш ва унинг манфаатларини муҳофаза қилиш мақсадида қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар шу қадар кўлами кенгки, ҳуқуқий маълумотга эга бўлмаган киши улардан фойдалана олмайди. «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 51-моддасида ишсизлик нафақаси ишсиз деб тан олинган шахсга у маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган биринчи кундан эътиборан тўланиши белгилаб қўйилган. Шу қонуннинг 52-моддасида ишсизлик нафақаси ишсиз шахснинг аввалги иш жойидаги охирги бир йилдаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан фоизда белгиланиши, бошқа ҳолларда ишсизлик нафақаси меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан фоизда белгиланиши назарда тутилган.
Нурота туманида яшовчи Тўйназар Раҳмонов адлия идораларининг сайёр қабулига қадар мазкур моддаларда белгиланган ҳуқуқларга эга эканлигини билмасди. Унинг мурожаати асосида туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига тақдимнома киритилиб, 25 миллион сўмдан ортиқ нафақа пуллари ундирилиши таъминланди.
Туманнинг «Алишер Навоий» маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.Толибованинг туғиш таътили даври учун қонунчиликда белгиланган нафақа тўловлари тўлаб берилмаганлиги адлия иш юритувига олиниб, тўланмай қолган 26 998 000 сўм миқдордаги пул маблағлари тўлаб берилиши таъминланди.
— Шунингдек, тумандаги корхона ва ташкилотларда ўтказилган ҳуқуқий тарғибот куни тадбирлари доирасида Нурота туман тиббиёт бирлашмасида ишловчи Ф.Розиқова, А.Амонова ва М.Маҳкамоваларнинг хизмат сафари пуллари тўлаб берилмаётгани аниқланди, — дейди Нурота туман адлия бўлими бошлиғи Умид Сувонов. — Маълум бўлишича, улар Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Навоий филиалида малака оширган, тегишли сертификатларни туман тиббиёт бирлашмасига тақдим этган бўлсада, тўловлар амалга оширилмаган.
Адлия идорасининг аралашуви билан туман тиббиёт бирлашмасининг 95 нафар ходимига малака ошириш курсида ўқиганлиги учун хизмат сафари харажатлари тўлаб берилмагани аниқланиб, киритилган тақдимномага асосан 144 723 800 сўм хизмат сафари пуллари ундириб берилиши таъминланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг