Ишсиз ёшлар иш билан таъминланади
Иллюстратив фото
Жиззах вилоят ҳокимлигида халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг учинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда сенаторлар, вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят ҳокимлиги бошқарма ва бўлим бошлиқлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 декабрдаги мамлакат ёшлари билан учрашувда ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш ясаш, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш борасида белгилаб берилган долзарб вазифаларнинг ижросини таъминлаш масаласига асосий урғу берилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5718-сонли Фармони ижроси ҳамда Жиззах вилоят ҳокимининг “Фойдаланилмай бўш турган давлат кўчмас мулк объектини инвестиция лойиҳаси асосида сотиш тўғрисида”ги 450-сонли қарорини ижросини таъминлаш каби масалалар кўриб чиқилди.
Сессияда Президентимиз раҳбарлигида 2019 йилнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда мамлакат ёшлари билан учрашув ўтказилганлиги, шу йиғилиш баёни асосида белгилаб берилган вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда 2020 йилда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида амалга ошириладиган ишларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан 49 та банддан иборат комплекс чора – тадбирлар “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилганлиги, бугунги кунда вилоятда ишсиз ва банд бўлмаган ёшлар 28 минг 724 нафарни ташкил қилиши айтилди. Шу ёшларнинг 19 нафари жазони ижро этиш муассасаларидан қайтиб келган ташкил этса, 282 нафари имконияти чекланган ёшлар, 5 минг 370 нафари таълим муассасаларини тамомлаб банд бўлмаган ёшлар, 23 минг 53 нафари уюшмаган ёшлар ҳисобланади.
-Ишсиз ёшларни бандлигини таъминлаш бўйича манзилли режага асосан 2020 йилда 28 минг 724 нафар доимий иш жойига эга бўлмаган ёшларнинг 19 минг 940 нафарини ёки 69,5% бандлигини таъминлаш белгиланди, — дейди сессияда сўз олган Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Салиев. — “Ҳар бир ёшга бир гектар“ лойиҳаси доирасида 1 минг 13 нафар, бандлик жамғармаси орқали ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш орқали 2 минг 149 нафар, “Yoshlar — kelajagimiz!“ Давлат дастури доирасида 397 нафар, “Ҳар бир оила — тадбиркор“ Давлат дастури доирасида 1 минг 39 нафар, бўш иш ўринлари орқали ўтказиладиган “Меҳнат ярмаркалари“ доирасида 1 минг 472 нафар, бошқа йўналишлар доирасида 1 минг 538 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланиши белгилаб олинди.
Сессияда таъкидланишича вилоятда “Yoshlar — kelajagimiz” Давлат дастури орқали 2020 йилда 106 та лойиҳага 15 млрд сўм ажратилиб, натижада 361 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган. Шунингдек, “IT Рark” мажмуаси негизида шаҳар ва туманлар марказида 100 нафар ўқувчи-ёшларни ўқитиш учун “IT Рark” филиалларини очиш, уларга замонавий бино ажратиш ва ахборот дастурларини яратиш, инновацион технологиялар асосида ишлайдиган “IT school” ахборот технологиялари ўқув марказларини ташкил этиш, ўқув марказини малакали ўқитувчи мутахассислар билан тўлдириш ҳамда зарурий оргтехника воситалари билан таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Толибжон ЭРГАШЕВ,
(“Халқ сўзи”).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг