Ишсиз фуқаролар касб-ҳунарга йўналтирилмоқда
Фото: Халқ сўзи
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 августдаги «Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори доирасидаги ишлар доимий даромад манбаига эга бўлмаган қатлам вакилларининг ўз лаёқатини рўёбга чиқариш ва ривожлантиришида, турмуш шароитини яхшилашда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳужжатга асосан жойларда «Ишга марҳамат» мономарказларининг барпо этилаётгани айни муддао бўлаётир.

Андижон шаҳрида ташкил этилган шундай мономарказда ҳозирда 670 нафар йигит-қиз касб-ҳунар сирларини ўрганмоқдалар. Улардан бири, Андижон шаҳридаги Фитрат кўчасида яшовчи Саидаҳрор Аҳроров эса бу ерда ўзлаштирган билим ва кўникмаларига таяниб тадбиркорликни йўлга қўйди.
— Коллежни ҳисобчилик йўналиши бўйича тамомлаганман, лекин узоқ вақт иш топа олмай юрдим, — дейди Саидаҳрор. — Мономарказга келиб, сартарошликни ўргандим. Шундай қилиб ўз сартарошхонамни очдим. Ишлаб, даромад топиш билан бирга икки нафар йигитни шогирдликка олиб, касб сирларини ўргатяпман.

Андижон шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида 24 ихтисослик бўйича 2 сменада ўқиш ташкил этилган бўлиб, шу кунгача 1 минг 434 нафар фуқаро ўзлари танлаган йўналиш бўйича касб-ҳунар эгаси бўлдилар.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг