Ишлаганга, изланганга имкон бор

12:15 21 Июнь 2021 Жамият
1048 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Секторлар — муаммолар билан ишлаш, аҳолини уйлантираётган масалаларни ечиш, халқ фаровонлигини оширишда самарали иш бераётган тизимлардан биридир. Боиси жойларда фуқаролар ўзларига бириктирилган сектор раҳбарларига мурожаат қилиб, муаммосини бартараф этишяпти.
Хусусан, Пешку туман прокурори раҳбарлигидаги 2-сектор ҳам ўз ҳудудидаги аҳоли масалаларини мунтазам ўрганиб, ижобий ечим топиш чораларини кўраётир.
Шулар хусусида туман прокурори Ш. Хикматов бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:
— Бир одамнинг муаммосини ҳал қилишнинг ўзи катта бахт, савоб. Биз сектор ҳудудидаги фуқароларга ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, моддий ва маънавий — ҳар томонлама ёрдам бериб, ҳақиқий маънода “халқ прокуратураси”га айланишга интиляпмиз. 
Сектор худудида 3668 та хонадон, 5220 та оила, 20172 нафар аҳоли мавжуд. Ўтган йилнинг 1 январдан ҳозирги кунга қадар 401 та ёрдамга муҳтож оиланинг 489 нафар меҳнатга лаёқатли ишсизлар “темир дафтар”га киритилган эди. 

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»


Маҳаллий Кенгаш қарорларига асосан 373 та оиланинг 489 таси иш билан таъминланиб, камбағал оилалар рўйхатидан чиқарилди. Бугунги ҳолатдаги янгиланган “Темир дафтар”га кўра, 28 та ёрдамга муҳтож оиланинг 77 нафар аъзолари мавжуд. Секторимиз бўйича жами ёрдамлар миқдори 959 та ҳолатда 620,3 млн. сўмни ташкил этади. 
Масалан, Дейча қишлоғида яшовчи Тўрақул Ҳакимовнинг яшаш уйи том қисми шифер қилиниб, дарвоза ўрнатилди ва уйи таъмирлаб берилди. Шунингдек, “Пешкў” МФЙ, Пешкў қишлоғида яшовчи Махсуда Хайруллоеванинг фарзандини олий ўқув юртига ўқиши учун контракт тўловлари тўлаб берилди.
“Темир дафтар”га киритилган 36 нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқароларга оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 586 млн. сўмлик тижорат кредитлари ажратилиб берилган. Ушбу дафтардаги 127 нафар фуқаро ғалладан бўшаган ер майдонлари орқали ҳамда ер ажратиб бериш билан бандлиги таъминланди. 4 нафарига деҳқон хўжалигини юритиш бўйича 1 гектардан ер майдони ажратилди.
Шунингдек, “ёшлар дафтари”ни шакллантириш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан 3 минг 668 та хонадон ўрганилиб, 4 минг 208 нафар ёшларга анкета сўровномалари тўлдирилган. Ушбу анкета-сўровномаларини электрон базага киритиш ишлари якунланмаган. Ҳозирга қадар 18-30 ёшгача бўлган ёшлар хатловдан ўтказилиб, сектор ҳудуди бўйича 243 нафари “ёшлар дафтари”га киритилган.
Шунга кўра, мазкур дафтарга киритилган ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилди.  Жумладан, 229 нафар ёш турли йўналишларга ишга жойланди. 
Масалан, Афшона қишлоғида яшовчи Сарвиноз Самадовага иссиқхона йўналиши бўйича 20 млн. сўм тижорат кредити ажратиб берилди. Янгигул қишлоғилик Умуржон Икромовга новвойлик фаолиятини йўлга ўйиши учун, Дедароз қишлоғида яшовчи Садаф Сафаровага тикувчилик фаолиятини йўлга қўйиши учун тижорат кредитлари олиб берилди. 
Шу билан бир қаторда, “аёллар дафтари” бўйича ҳам салмоқли ишлар қилиняпти. 

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»


Жумладан, уларнинг муаммоларини тизимли ўрганиш ва ижобий ҳал этиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, оилада аёллар ролини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 187 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз аёл турли йўналишлар бўйича банд қилинди. 
Шунингдек, 2-сектордан 80 нафар кредит олиш истагини билдирган аёлга 1,12 млрд. сўм чорвачилик, иссиқхона, асаларичилик, тикувчилик ва паррандачилик йўналиши бўйича кредит ажратилди. Яна кўплаб хотин-қизлар — Моҳинур Эшова, Юлдуз Ҳасанова, Сайёра Болтаева ва бошқалар Тадбиркорлик марказида бизнес кўникмаларини шакллантириш бўйича ўқув курсларида ўқиб, сертификатларини олди.  
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор шахсларга даволаниши ва дори-дармон олиши учун ҳам моддий ёрдамлар кўрсатиб келяпмиз. Ногиронлик аравачалари олиб берилмоқда. 

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»


Кўрсатилган ёрдамлар ҳамда муаммоларнинг бартараф этилганлиги натижасида “аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг 275 нафари ушбу дафтардан чиқарилди. 
Бундан ташқари, Афшона қишлоғида жойлашган “Out Work” спорт майдончаси ташкил қилдик. Майдончаси атрофларига 50 дона арча кўчати ўтқазилди, ариқ ва зовурлар қазилиб, ҳудуди обод қилинди.
Халқаро болалар куни байрами арафасида эса, қишлоқ марказида “Орзигул” номли оилавий нодавлат мактабгача таьлим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилди. Натижада бир нечта иш ўрни яратилиб, унга ҳам “аёллар дафтари”га рўйхатда турганлар жалб қилинди.
Биласизми, ишлаганга, изланганга имкон ҳам, шароит ҳам бор. Ҳаммаси ўз қўлимизда. Биз ўз фаолият йўналишларимиздан, вазифаларимиздан келиб чиқиб, халқ фаровонлиги йўлидаги ишларни тизимли равишда давом эттираверамиз. Зеро, одамларни рози қилиш — энг олий саодатдир. 

Истам ИБРОҲИМОВ

(“Халқ сўзи”)

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер