Ишчи гуруҳ Андижондаги муаммоларни ўрганмоқда
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Раматов Очилбой Жуманиёзович бошчилигидаги ишчи гуруҳи Андижон вилоятида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишлар билан танишмоқда. Жараёнда кузатилган камчиликларнинг ижобий ечимини таъминлаш, илғор иш услубларини эса оммалаштириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
— Ишчи гуруҳи институтимизда бўлиб, 2024 йилда фойдаланишга топширилган янги ўқув биносини кўздан кечирди, — дейди Андижон давлат тиббиёт институти ректори М. Мадазимов. — 2 гектар майдонни ўз ичига олган мазкур бино Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 июндаги “Янги Aндижон” шаҳарчасини барпо этиш ва Aндижон вилоятида тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарорига асосан барпо этилган бўлиб, 2000 ўринга мўлжалланган. Бино 7 қаватдан иборат. Ҳар бир қаватда 28 та хона мавжуд. 12 та маъруза зали ва жаҳон талабларига тўлиқ жавоб берувчи симуляция маркази жойлашган. Бинодан асосан клиник кафедралар ўрин олган бўлиб, институт клиникаси ва мазкур ўқув бино ўртасида телемедицина тизими йўлга қўйилган.
О. Раматов институт фаолияти билан яқиндан танишиб, таълим сифатини ошириш борасидаги келгуси вазифалар юзасидан ўз тавсиясини берди.
Ишчи гуруҳи томонидан вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманларида давом этаётган ислоҳотлар, қурилиш жараёнлари ва аҳолига яратилган шароитлар ўрганилиб, таҳлил қилинмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг