Иш изловчидан иш берувчига айландим — Рўзимуҳаммад Машрапов
Фото: Халқ сўзи
Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида жойлашган “Сўфилар” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Рўзимуҳаммад Машрапов қарийб 13 йилдан буён Россия Федерациясининг Каленинград шаҳрида қурилиш соҳасида ишлаб юрган эди.
Ватандан, оиласидан йироқда меҳнат қилаётган юртдошимизга юртимизда ишлаб яхши даромад топиш учун имкониятлар кенгайиб бораётгани ҳақида тавсиялар берилди. Қадрдон оиласи бағрига қайтган Рўзимуҳаммад Машрапов аввалига ўз маблағи ҳисобига янги усулда “пенаблок” ғиштларини ишлаб чиқарувчи ускуналарни сотиб олиб, хонадонида тадбиркорликни йўлга қўйди. Ёнига ўғли ва икки нафар ишчини олиб, астойдил ҳаракат қилаётган тадбиркор маҳсулотнинг харидоргирлиги ва топаётган даромадидан мамнун.
— Ўз Ватанингда, оиланг бағрида бўлиш ва элга наф келтириш катта бахт эканини бугун аниқ ҳис қиляпман, дейди у. —Узоқ ўлкаларда меҳнат қилиб топган пулингдан ўз маҳаллангда, ўзингни тадбиркорлигингдан келган пул баракали бўлар экан.
Қишда иссиқ, ёзда муздек сақловчи пенаблок ғиштларини ишлаб чиқаришни бошлаган тадбиркорга маҳалладошларидан кўплаб буюртмалар тушмоқда. Бундан ташқари, ички бозорга ҳам маҳсулот етказиб беришни йўлга қўйганлиги тадбиркорнинг даромади кўпайиб фаолиятини янада кенгайтиришига сабабчи бўляпти.
Тадбиркорнинг уйига келиб, фаолиятини ўрганган маҳалла мутасаддилари имтиёзли кредит олишни ҳам тавсия қилишди. Бу маблағ эвазига ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, қўшимча ишчи ўрни яратиш баробарида ўзи каби олис юртлардан қайтган ватандошларини ҳам иш билан таъминлаши мумкинлигини айтиб ўтишди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг