Иш билан бандлик камбағалликни йўқ қиладими?
Камбағалликка қарши кураш — бу фақат ижтимоий ёрдам эмас. У иқтисодий сиёсат, меҳнат бозори, тадбиркорлик муҳити ва инсон салоҳияти билан боғлиқ мураккаб жараёндир. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида айнан шу масала — аҳолини иш билан таъминлаш орқали барқарор даромад манбаини яратиш турибди.
Самарқанд вилоятида бу йўналишда мутлақо янги ва манзилли ёндашув жорий этилмоқда. Энди камбағал оилани рўйхатдан чиқариш учун бир марталик техника бериш ёки номига ишга жойлаштириш етарли эмас. Асосий мезон — оиланинг ҳақиқий даромади ошгани, турмуш сифати яхшилангани ва иқтисодий барқарорликка эришганидир.
– Вилоятда камбағал оилаларга битта мотокультиватор ёки электр печ бериш, фақат қоғозда ишга жойлаштириш билан рўйхатдан чиқариш амалиётига чек қўйилади, – дейди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Шербек Бўронов. – Аввало, камбағал оиланинг реал даромади ҳисобга олинади, уларнинг турмуш тарзи ўзгарганми-йўқми – шу жиҳатга эътибор қаратамиз. Шунингдек, камбағал оилага турли кредитлар расмийлаштириб, уларни янада оғир ҳолатга солиб қўймаслик муҳим. Ҳар қандай ёрдам ва субсидия оилани қисқа муддатда камбағалликдан чиқариш ва доимий даромад манбаига эга бўлишига қаратилган. Ушбу йўналишга ажратилган маблағлар миқдори бу йил анча оширилди. Самарқанд туманида маҳаллаларнинг ихтисослашувига алоҳида аҳамият берилаяпти.

Масалан, “Оҳалик” маҳалласи туманда беданачиликка ихтисослашган ҳудуд ҳисобланади. Аксарият аҳоли хонадонларида бедана боқилиб, тухум етиштириляпти. Мазкур маҳалладаги 804 та хонадонда 4000 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Маҳалладаги 200 га яқин хонадонда беданачилик йўлга қўйилган. Уларнинг бир ойлик даромади ўртача 16 миллион сўмни ташкил этади.
–Тўрт йилдан бери беданачилик билан шуғулланаман, – дейди тадбиркор Сухроб Муҳаммадов. – 31 миллион сўм имтиёзли кредит олиб ишни бошлаганмиз. Осон ишнинг ўзи йўқ, ҳаммасининг ўзига яраша қийинчилиги бор. Бошида беданаларимиз касалланиб зарар кўрганмиз. Ҳозирда 5 мингта беданадан кунига 4200 та атрофида тухум оляпмиз. Ойига ўртача 10 миллион сўм атрофида даромад қиламиз.
Тумандаги “Навобод наслли парранда” кўп тармоқли фермер хўжалигида кооперация тизими асосида аҳоли хонадонларида ёки фермер хўжалигида енгил конструкцияли биноларда парранда боқишни ташкил этиш лойиҳаси ҳам йўлга қўйилган.

– Ўтган йили Қўшработ, Пайариқ ва Каттақўрғон туманларида аҳолини камбағалликдан чиқариш ва доимий даромад манбаига эга бўлиши учун парранда боқишга шароити бор хонадонларга бир кунлик жўжа ва уларнинг озуқасини етказиб бердик. Товуқларни сотиб олиш тизимини ҳам йўлга қўйдик, – дейди “Навобод наслли парранда” фермер хўжалиги раҳбари Ҳайдар Ўроқов. – Бу тизим ўзини оқлагани, товуқ боқувчилар ва биз учун ҳам манфаатли бўлгани учун уни янада кенгайтиришни режалаштиряпмиз. Бу борада деҳқон ва фермер хўжаликларига кўмаклашиш учун 3 минг, 4,5 минг ва 7,2 минг жўжа боқиш мумкин бўлган енгил конструкцияли, зарур ускуналар билан жиҳозланган товуқхоналар лойиҳаларини тайёрладик. 211 миллион сўм эвазига 2 сотих майдонда қуриладиган шундай товуқхонада 3 минг бош жўжа боқиш мумкин. Биз бу товуқхона учун иситиш ёки совитиш тизими, сув ва озуқа бериш, ҳаво айланиш тизимларини ҳам яратиб берамиз. Парранда боқувчиларни бир кунлик жўжа ва унинг озуқаси билан, зарурат бўлганда хизмат ҳам кўрсатамиз. 40-42 кунда товуқлар вазни камида 3 килограммга етади. Уларни ҳар бир килограмм тирик вазни учун 17 минг сўмдан сотиб оламиз. Шу 3 мингта товуқ битта оилага 27 миллион сўмгача даромад олиб келади. Агар бир йилда шу тарзда 8 марта товуқ боқишни ҳисобласак, парранда боқувчи бир йилда ўртача 214 миллион сўм фойда олади.

Туманда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, хусусан юқори даромадли ва экспортбоп маҳсулотларни етиштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай сердаромад лойиҳалардан бири банан етиштиришдир. “Ўзбеккенти” маҳалласи ҳудудидаги “Мотрид Агротечсервис” агрофирмасида жойлашган “Самарқанд Гроуп” МЧЖ томонидан 2024 йилда 1 гектар ерда замонавий иссиқхона ташкил этилди. Бу ерга Туркиядан келтирилган 1,5 минг туп банан кўчати экилиб, йил якунида 15 тонна ҳосил олинди. Ўтган йилда орттирилган тажриба асосида агрономик тадбирлар такомиллаштирилиб, 30 тонна сифатли банан етиштирилди.


Икки йиллик муваффақиятли тажриба натижасида банан етиштириш ҳажмлари кенгайтирилиши, янги иссиқхоналар барпо этилиши ва маҳсулотларни ташқи бозорларга экспорт қилиш режалаштирилган. Бу лойиҳа туман иқтисодиётини ривожлантириш, аҳолига янги иш ўринлари яратиш ва даромадларини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг