Ироқда блэкаут: бутун мамлакат бўйлаб электр энергияси узилди

10:06 05 Март 2026 Дунё
520 0

Кеча, 4 март куни бутун Ироқ бўйлаб электр таъминоти тўлиқ узилиб қолди. Мамлакат Электр энергетикаси вазирлигига кўра, бунга Басра вилоятида жойлашган Румайла электр станциясида юз берган техник носозлик сабаб бўлган.

Маълум бўлишича, газ таъминоти зарур ҳажмдан кескин камайиб кетгани оқибатида станция қуввати 1900 мегаваттга тушиб кетган ва бу ҳолат мамлакат бўйлаб электр узилишига олиб келган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларга кўра, айрим уйларда генераторлар ёки маҳаллий манбалар орқали электр борлиги кузатилган. Бироқ кўчалардаги ёритиш тизими деярли тўлиқ ўчган. Ироқнинг INA ахборот агентлиги маълум қилишича, электр станциялари ва узатиш тармоқларида тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Айни пайтда энергетика инфратузилмасидаги айрим объектлар сўнгги вақтларда бир неча бор ҳужумларга учрагани ҳам қайд этилган. Шу боис электр тизимини барқарорлаштириш бўйича фавқулодда чоралар кўрилмоқда.

Ҳодиса АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши бошлаган ҳарбий ҳаракатларининг бешинчи кунига тўғри келди. 28 февраль куни эрталаб икки давлат Эрон ҳудудига зарбалар берган. АҚШ президенти Дональд Трамп Ислом Республикасининг ядро дастурини йўқ қилиш ниятида эканини билдириб, Эрон армиясини қурол ташлашга чақирган.

Эрон давлат оммавий ахборот воситалари 3 март куни Қизил Яримой жамияти маълумотига таяниб, зарбалар оқибатида мамлакатда камида 787 киши ҳалок бўлганини хабар қилди. Жавоб тариқасида Эрон Исроил ва Форс кўрфази минтақасидаги бир қатор давлатлар ҳудудига зарбалар берган. Теҳрон бу ҳаракатлар араб давлатларига қарши эмас, балки минтақага жойлашган АҚШ ҳарбий базаларига қаратилганини таъкидламоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер