Ироданинг шашти баланд
Фото: Халқ сўзи
Орамизда шундай инсонлар борки, рўзғорини бутлаш, фарзандларини бекаму кўст шароитда вояга етказиш, тўй қилиб, элга ош бериш, ортганини эҳтиёжмандларга улашиб, савоб олишдек ҳаётий эҳтиёжлари учун бошқаларга юк бўлишни ор биладилар. Чумолидай тиним билмай меҳант қилишни боқимандаликдан устун қўядилар. Андижон вилояти Олтинкўл тумани Садда маҳалласида яшовчи Ирода Исмоилова ҳам ана шундай фазилат эгаси. Табиатан камсуқум бу аёл ҳовлисидаги иссиқхонадан йилнинг тўрт фаслида ҳосил олиб, даромад топади.
— Шу кунларда булғор қалампири етиштиряпмиз,-дейди Ирода. — Баҳорда бодринг билан помидор экамиз. Кўчатни ҳам ўзимиз етиштирганимиз боис харажатларимиз у қадар кўп бўлмайди. Ерга меҳр берсангиз кифоя, у албатта, сизни кам қилмайди.
Ирода ўтган йили мўъжазгина иссиқхонасининг ўзидан 20 миллион сўм соф даромад олди. Бу йил янада баракали ҳосил олиш ниятида уй-рўзғор юмушлари, болалар тарбиясидан ортиб, иссиқхонадаги экинлар парваришини бир зум ҳам сусайтиргани йўқ.
Умуман олганда, Садда маҳалласида Ироданинг сафдошлари кўп. Бу ердаги 547 хонадоннинг деярли барчаси томорқа деҳқончилиги билан шуғулланади. Ўтган йили Олтинкўл туманида 1955,6 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда томорқачиларнинг ҳам салмоқли ҳиссаси борлиги шубҳасиз.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг