Иқлим ўзгариши: муштарак мақсад ва интеграция эҳтиёжи
Иллюстратив фото
Бугун сайёрамизда иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар тобора глобал аҳамият касб этиб бораётир. Дунё мамлакатлари саноати тез суръатларда ривожланиши, табиат неъматларидан оқилона фойдаланмаслик, атмосферага катта миқдорда “иссиқхона газлари” чиқарилиши иқлим ўзгаришига олиб келаётгани барчага яхши маълум. Бу эса, ўз навбатида, жаҳоннинг турли нуқталарида йилнинг тўрт фаслида ҳам ҳароратнинг кескин ўзгариши, бўрону тўфон, қурғоқчилик, чўлланиш, ерлар деградацияси, ўрмон ёнғинлари каби экологик муаммолар юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Жаҳон ҳамжамияти ушбу муаммонинг олдини олиш учун ҳамкорликда қатор чора-тадбирларни амалга ошираётир. Хусусан, глобал таҳдидларнинг олдини олиш мақсадида 2015 йил 12 декабрда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенциясига бағишланган конференциянинг 21-сессиясида Париж битими қабул қилинди. БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенциясида атмосферага “иссиқхона газлари” чиқарилишини камайтириш ҳамда кузатилаётган ва кутилаётган иқлим ўзгаришларига мослашиш бўйича аниқ йўналишлар белгиланди.
Ўзбекистоннинг муҳим ташаббуслари
2017 йил 19 апрелда Ўзбекистон Париж битимини имзолади, 2018 йил 2 ноябрда ратификация қилди. Янги келишувнинг эътиборли жиҳатларидан бири шундаки, унда ривожланган давлатлар билан бир қаторда ривожланаётган давлатлар ҳам атмосферага ташламалар миқдорини камайтириш мажбуриятини олиши белгилаб қўйилди. Келишувнинг асосий мақсади “иссиқхона газлари” ташламаларини сезиларли даражада камайтириб, сайёрамизда глобал исишни саноат ривожланиш давридаги ўртача ҳароратга нисбатан Цельсий кўрсаткичи бўйича 1,5-2 даража чегарасида ушлаб туришга эришишдан иборат.
Глобал муаммога айланган иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини юмшатиш бўйича нуфузли халқаро саммитларда Президентимиз муҳим таклиф ва ташаббуслар билдириб келмоқда. Мисол учун, 2023 йилнинг 1 декабрь куни Дубайда бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP28)нинг асосий ялпи сессиясида ҳам давлатимиз раҳбари бир қатор таклифларни илгари сурди. Париж шартномаси доирасида Иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасидаги Глобал ҳадли механизмни тезроқ келишишга чақириб, Марказий Осиё иқлим мулоқоти платформаси доирасида ишлаб чиқилаётган Мослашув стратегиясининг аҳамиятини алоҳида қайд этди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари “Йўқотиш ва зарарлар” глобал жамғармасини ташкил этиш бўйича қабул қилинган қарорни юксак баҳолади.
Бу каби ташаббуслар Жаҳон банки ва халқаро молия институтлари томонидан фаол қўллаб-қувватланиши, энг аввало, иқлим ўзгаришидан катта азият чекаётган мамлакатларга салмоқли ёрдам беради. Глобал миқёсда кам углеродли иқтисодиётга ўтиш адолатли, шаффоф ва инклюзив бўлиши зарурлиги, албатта, бунда ривожланаётган давлатларнинг манфаатлари инобатга олиниши муҳимлиги қайд этилди. Бу долзарб муаммони мунтазам равишда, шу жумладан, “Катта еттилик” ва “Катта йигирматалик” форматларида муҳокама қилиб бориш таклиф этилди.
Ўз навбатида, Шавкат Мирзиёев Оролбўйи ҳудудини инновациялар, технологиялар ва янги имкониятлар минтақасига айлантириш учун бу ерда илғор билим, тажриба ва ечимларни қўллаш мақсадида Иқлим технологиялари халқаро экспо-хабини яратишни таклиф этди, ушбу жараёнда барчани яқин ҳамкорликка чорлади.
Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим аҳамиятга эга. Айни йўналишда Ўзбекистон Республикасининг “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни ҳуқуқий асос бўлади.
Ҳаёт-мамот масаласи
Маълумотларга кўра бугунги кунда юртимизда 2-3 млрд. киловатт-соат электр энергиясига қўшимча талаб бор. Келгуси беш йилда эса бу эҳтиёж 10 млрд. кВт-соатга ошиши кутилмоқда. Бундай вазиятда энг самарали йўл аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда тадбиркорлик субъектларида муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кўпайтиришдир.
Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Қарорга мувофиқ аҳоли ҳамда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун янги тизим шакллантирилиб, 2024 йилда давлат-хусусий шериклик асосида 27 та йирик қувватли қуёш ва шамол электр станциясини қуриш, 20 мингта ижтимоий соҳа объекти ва давлат идорасида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш белгиланди.
Юртимизда ёз фаслида ҳаво совитиш ускуналарига бўлган талаб кучайиб, қўшимча электр энергия сарфи ортади. Халқаро энергия агентлиги (IEA) маълумотларига қараганда 2050 йилга бориб дунёдаги кондиционерларнинг тахминий миқдори ҳозирги кундаги 1,6 миллиарддан 5,6 миллиард донагача етади. Шу тариқа 2050 йилга бориб ушбу кондиционерларни электр энергияси билан таъминлаш учун сарфланадиган манбани ишлаб чиқарувчи кўмир ва газ электр станцияларидан чиқадиган “иссиқхона газлари” йилига 2,28 миллиард тоннагача ортади. Бунинг натижасида атмосферага чиқариладиган “иссиқхона газлари” ҳавонинг глобал даражада исиб кетишига сабаб бўлади.
Ҳозирги кунда дунё мамлакатлари орасида АҚШда энг кўп — 90 фоиз оилада кондиционер мавжуд. Африка, Осиё, Лотин Америкаси ва Яқин Шарқдаги аҳолининг фақат 8 фоизи кондиционерларга эга. Демак, оилаларнинг муқим даромад манбаи ўсиб боргани сайин бу каби қулайликларга бўлган имконият ортиб бораверади.
Муаммонинг ягона ечими — электр энергияни қуёш ва шамол ҳамда гидроэлектр станциялари каби инновацион усуллар ёрдамида ишлаб чиқариш ҳисобланади. Айни соҳада юртимизда олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар доирасида 2021 йилнинг август ойида Навоий вилояти ҳамда 2022 йилнинг майида Самарқанд вилоятида ҳар бирининг қуввати 100 мегаваттга тенг бўлган йирик қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилди. Бу икки станциянинг фаолияти натижасида атмосферага йилига иқтисод қилинган табиий газ ёнишидан ташланиши мумкин бўлган 260 минг тонна “иссиқхона газлари”нинг олди олинади.
2023 йилнинг 27 декабрь куни умумий қуввати 2 400 МВт бўлган олтита йирик қуёш ҳамда шамол станцияси тармоққа уланди. Хусусан, Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида учта қуёш фотоэлектр станциясининг биринчи босқичи учун режалаштирилган қурилиш ишлари ҳамда Навоий вилоятининг Томди туманида 500 мегаваттлик шамол электр станциясининг биринчи босқичи якунига етказилди ва ишга туширилди. Шунингдек, Хитойнинг “China Gezhouba Group” компанияси томонидан Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида умумий қуввати 1000 мегаваттлик қуёш станцияларининг биринчи босқичи қурилиши якунланди.
Умуман, мамлакатимизда иқлим ўзгаришига қарши курашишнинг амалий чора-тадбири сифатида муқобил энергиядан кенг фойдаланишни рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Айни жараёнда муқобил энергия манбаларини кенгайтириш, қолаверса, аҳолининг электр энергияга бўлган истеъмол маданиятини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Албатта, бу борадаги ишларни тизимли равишда ривожлантириш келгусида ўзининг ижобий самарасини беради.
Ҳамза АМИНОВ, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари, техника фанлари доктори, профессор.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг