Ипотека субсидия ажратиш механизмини такомиллаштириш бўйича сенатор сўровига жавоб берилди

21:47 28 Март 2026 Сиёсат
594 0

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Кобулжон Турсунов юборган ипотека кредитлари бўйича субсидия ажратиш механизмини такомиллаштиришга оид сенатор сўровига жавоб берилди.

Унда қайд этилишича, мамлакатда аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бозор тамойилларига асосланган ипотека тизими изчил ривожланмоқда. Сўнгги йилларда уй-жойлар сотиб олишда ўн минглаб фуқароларга ипотека кредитлари ва субсидия маблағлари ажратилган.

Вазирлик томонидан сенатор сўровида кўтарилган масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, субсидия маблағларини иккиламчи уй-жой бозорига йўналтириш иқтисодий жиҳатдан самарасиз экани таъкидланди. Бунда Давлат бюджети маблағлари янги уйлар қурилишини рағбатлантириш, бандликни ошириш ва реал секторни ривожлантириш лозимлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, субсидия хабарномасининг амал қилиш муддати аввалги 12 ойдан 4 ойга қисқартирилгани фуқароларни кенгроқ қамраб олиш ва маблағлардан самарали фойдаланиш имконини бергани билдирилди. Янги қурилаётган уйлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш мақсадида эса 2026 йилдан ипотека омонати тизимини жорий этиш режалаштирилган.

Шунингдек, ипотека кредитлари максимал миқдори 15 фоизга оширилиб, Тошкент шаҳрида 480 млн сўм, вилоятларда 380 млн сўм этиб белгиланган. Субсидия ажратиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилиб, аризаларни кўриб чиқиш инсон омилисиз амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, субсидия олувчилар қамровини кенгайтириш мақсадида Давлат бюджети ҳисобидан қўшимча маблағлар ажратилаётгани, педагоглар ва тиббиёт ходимлари учун алоҳида қўллаб-қувватлаш механизми жорий этилаётгани айтилган.

Таъкидланишича, ипотека тизимини янада такомиллаштириш, уй-жой билан таъминлаш кўламини кенгайтириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини ошириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер