Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг 2025 йилдаги фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди

22:26 25 Март 2026 Сиёсат
360 0

Жорий йилнинг 25 март куни Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг 2025 йилдаги фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди.

Унда сенаторлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари аъзолари, вазирликлар ва идоралар вакиллари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Қўмита аъзолари Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ҳисобот даври давомида инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва ташқи савдони кенгайтириш борасида амалга оширган ишларини муҳокама қилди.

Ўтган йилда мамлакат иқтисодиётида 43,1 млрд долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, белгиланган режа 103 фоизга бажарилгани ҳамда 2024 йилга нисбатан 1,2 баробар ўсиш таъминлангани қайд этилди. Инвестициявий салоҳияти юқори ҳамкор давлатлар сифатида Хитой, Россия, Туркия, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, 2026 йилда хорижий инвестицияларни ўзлаштиришни ҳажмини 50 млрд долларгача ошириш ва 2,3 мингга яқин янги лойиҳаларни ишга тушириш режалаштирилгани маълум қилинди.

Сўзга чиққанлар тармоқлар кесимида юқори ўсиш суръатларига эришилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Қурилиш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, тоғ-кон ва кимё саноати, рақамли технологиялар шулар жумласидандир.

Мажлисда Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 декабрида Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хусусий сектор улушини кенгайтириш, саноат тармоқларини чуқур қайта ишлашни кенгайтириш, маҳаллийлаштиришни кучайтириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда экспортни диверсификация қилиш зарурлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, сенаторлар инвестицияларни жалб қилиш самарадорлигини янада ошириш, саноатни диверсификация қилиш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ таклиф ва тавсияларини билдирди.

Муҳокама якуни бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер