Институтда робототехника лабораторияси очилди

13:08 12 Ноябрь 2024 Жамият
362 0

Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Наманган муҳандислик-технология институтида ўқиш ва ўқитишнинг инновацион технологияларини жорий этишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Куни кеча фойдаланишга топширилган “Робототехника ва мехатроника” йўналишдаги лабораториялар туркуми ҳам бунинг тасдиғидир.

Янги амалиётлар марказида бешта таълим йўналишларининг 200 дан ортиқ лаборатория машғулотларини бажариш учун етарли шароитлар яратилган. Ундаги замонавий дастурий таъминот ва илғор технологиялар талабаларнинг реал лойиҳалар устида ишлаш орқали профессионал кўникмаларини ривожлантиришига замин яратади.

— Талабаларимиз ҳозирги кунда глобал технологиялар даражасида билим олиш имкониятига эга, — дейди Автоматика ва энергетика факультети декани Аъзамхўжа Мамахонов. — Бу лабораторияда юқори сифатли машғулотлар ўтказиш орқали битирувчиларимизни халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис сифатида тайёрлаш билан янада мустаҳкамланади.

Марказда озиқ-овқат технологиялари йўналишида таълим олаётган талабалар учун “Томат маҳсулотларини ишлаб чиқариш технологияси” лабораторияси ҳам фойдаланишга топширилди. Унда помидорни қайта ишлаш жараёнида қўлланиладиган замонавий технологиялар билан танишиш, маҳсулот сифатини ошириш бўйича илмий асосланган усулларни ўрганиш мумкин. Мазкур лаборатория машғулотлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатига йўналтириш соҳасини танлаган талабалар учун амалий кўникма мактаби вазифасини бажаради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер