Институт битирувчилари яратган дизайндаги маҳсулотлар хорижга экспорт қилинмоқда

16:13 16 Январь 2024 Жамият
526 0

Бугунги кунда Наманган тўқимачилик саноати институти томонидан вилоятдаги 40 дан ортиқ корхоналар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Бунинг дастлабки самаралари ҳақида айтадиган бўлсак, 4+2 дастури доирасида ишга олинган талабалар томонидан дизайнерлик лойиҳалари асосида тайёрланган маҳсулотлар хорижга экспорт қилинмоқда.

ОТМнинг тўқимачилик дизайн факультетининг 54 нафар битирувчи-талабаси “NT holding“ тўқимачилик кластерида амалий кўникмаларни шакллантиришга жалб этилган. Улар ҳафтанинг тўрт кунида институтда назарий ва икки кунида эса ишлаб чиқариш субъектида ўқув амалий машғулотларини ўтказадилар. Дизайнерлик йўналишида 23 нафар ёш йигит-қиз дарсдан бўш вақтлари ҳисобга олиниб, мустақил ишга ҳам қабул қилинган. Ўзига хос иқтидор соҳибаси Манзура Қудратова асли қўқонлик. Аъло ўқиш билан бирга ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлишни мақсад қилган иқтидорли талаба яратган ўндан ортиқ лойиҳалар хориждаги ҳамкорлар томонидан маъқулланиб, ишлаб чиқаришга жорий этилди.

— 4+2 дастуридан барака топаётган талабаларданман, десам муболаға бўлмайди. Нега деганда, мен ўқиш давомида мазкур корхонага шартнома асосида ишга ҳам қабул қилиндим ва бу ерда матоларнинг дизайнини яратиш билан шуғулланяпман, — дейди М. Қудратова.

Яқинда Манзура корхона раҳбарлари, хорижлик ҳамкорлар, институт профессор ўқитувчилари ва дизайнерлар учун ўзининг янги лойиҳаси тақдимотини ўтказди. Баҳор фаслига мўлжалланган мазкур лойиҳада истеъмолчига илиқ кайфият берувчи ранглар жилосига асосий эътибор қаратилгани йиғилганлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Айтиш лозимки, ҳозирги пайтда мазкур тўқимачилик кластер корхонасининг ип-йигирув, тўқув-бўяш ва тикув корхоналарида кўплаб талабалар меҳнат қиляпти. Ўрнатилган ҳамкорлик алоқаси талабаларда амалий кўникмаларни шакллантириш баробарида уларнинг келажакда доимий иш ўрни билан таъминлаш имкониятини ҳам яратмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер