«Инсон тафаккурининг қуввати ва кенглиги аввало муаллим тарбиясига боғлиқ»
Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг шундай ибратли сўзлари бор: «Инсон тафаккурининг қуввати ва кенглиги аввало муаллим тарбиясига боғлиқ». Бу эса машаққатли, олижаноб касб эгалари фаолиятига берилган юксак баҳодир.
Бинобарин, таълим-тарбия – ҳар қайси давлат ва жамиятнинг нафақат бугунги, балки эртанги кунини ҳам ҳал қиладиган энг муҳим ва устувор масаладир. Шу боис мамлакатимизда ўқитувчилик касбининг нуфузини ошириш ва жамиятдаги мақомини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги йилларда мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, мактаб таълимида 11 йиллик тизимга ўтиш, нодавлат таълим хизмати кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширилди.
Президентимизнинг 2017 йил 30 сентябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Янги боғчалар қурилиб ишга туширилгани, бу масканларда таълим-тарбия ишлари мазмун ва сифат жиҳатидан энг илғор усул ва воситалар ёрдамида олиб борилаётгани айтиш мумкинки, соҳага қаратилаётган катта эътиборнинг намунасидир.
Юртимизда боғча, мактаб ва олий таълим тизимида ишлаётган тарбиячилар, ўқитувчилар меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг иш ҳақини, жамиятдаги нуфузини ошириш бўйича муҳим қадамлар қўйилаётгани ҳам шак шубҳасиз, таълим сифатини яхшилашга хизмат қилаётир.
Яна бир муҳим жиҳат, 2019 йилдан бошлаб мутахассис ўқитувчиларнинг оширилган ойлик иш ҳақи миқдори 54 фоизга, олий тоифали педагогларники эса 64 фоизга етказилди. Ҳар йили қишлоқ ва шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш дастурлари асосида қурилаётган уй-жойларнинг бир қисмини педагог ходимларга 25 йил муддатга имтиёзли ипотека кредити сифатида берила бошланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони эса бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди, десак янглишмаймиз. Зотан, ушбу ҳужжатда халқ таълими муассасаларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, моддий-техник ва ўқув-методик базасини мустаҳкамлаш, айниқса, «Замонавий мактаб» давлат дастурини тайёрлаш бўйича муҳим масалалар белгилаб қўйилган.
Хулоса қилиб айтганда, бугун юртимизда халқ таълими тизимида улкан ўзгариш ва янгиликлар рўй бермоқда. Асосийси, бу муҳим йўналиш давлатимиз раҳбарининг доимий диққат-эътиборда. Бундай эҳтиром ўқитувчиларни янада фидойи бўлишга, навқирон авлодга билим бериш, уни тарбиялашдек улуғвор ишга катта масъулият билан ёндашишга ундамоқда.
Мавлуда ИБРАГИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг