Инсон қадри, унинг ижтимоий ҳимояси — устувор мақсад

09:47 16 Декабрь 2023 Жамият
914 0

Иллюстратив фото

Жорий йил мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеликларга бой давр бўлиб тарихга киради. Чунончи, шу йил 30 апрель куни юртимизда умумхалқ овоз бериш орқали янги таҳрирдаги Конституциямиз қабул қилинди. Ушбу сиёсий жараён кўтаринки руҳда, фуқароларимиз фаоллигида ўтказилгани ҳар биримизнинг янги Ўзбекистон келажагига бефарқ эмаслигимизни намоён этди.

Президентимизнинг тегишли Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан янада аҳамиятли бўлди, десак, айни ҳақиқат.

Бинобарин, Стратегиянинг биринчи — ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш йўналиши ўзида 44 та мақсадни қамраб олди. Бундан билиш мумкинки, 44 фоиз мақсадлар бевосита ушбу йўналишга тўғри келмоқда. Бу давлатимиз раҳбари сиёсатида асосий эътибор халқимизни рози қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, таълим, соғлиқни-сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик масалаларига катта эътибор қаратилишини, келгуси йиллар ҳам янгиланган Конституциямизда белгиланган “Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш борасида улкан ислоҳотлар рўёбга чиқарилишини англатади.

Дарҳақиқат, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича сўнгги йилларда улкан ишлар амалга оширилди. Ўтган йилда тарихимизда илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилди. Аҳолини ижтимоий ёрдам тизими билан қамраб олиш кўлами ҳам ошиб бормоқда.

Мисол учун, 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунга келиб, 2 млн. 200 мингдан ортиқ оилаларга кўмак берилмоқда. Бу жами оилаларнинг 25 фоизига тўғри келади. Ажратилаётган маблағлар эса, 7 баробар кўпайтирилиб, йилига 12 трлн. сўмдан зиёдни ташкил қилаётир.

Маълумки, янги таҳрирдаги Конституциямизга пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслигига оид норма киритилган. Бу эса ҳозирда давлатдан моддий ёрдам олаётган 2 млн. 200 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилаларнинг ҳуқуқини кафолатлайди.

Стратегияда назарда тутилган мақсадлардан кўришимиз мумкинки, бу борадаги ислоҳотлар изчил давом эттирилиб, келгуси етти йилда ҳам улкан вазифаларнинг бажарилиши белгиланди. Ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва камбағалликни қисқартириш борасидаги ислоҳотлар доирасида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг манзиллилиги ва самарадорлигини кучайтириш, ижтимоий ҳимоя қилиш хизматлари сифатини ошириш, ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари доирасига муҳтожларнинг барчаси тўлиқ қамраб олинишига эришиш, республиканинг барча туман ва шаҳарларида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолиятини ташкил қилиш шулар жумласидандир.

Шунингдек, Стратегиядан келиб чиқиб, келгусида муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларнинг сифатли ва замонавий протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш даражасини 100 фоизга етказиш, ногиронлиги бўлган шахсларни муносиб иш билан таъминлаш ва уларнинг бандлигини 2 баробарга ошириш мақсад қилинди.

“Маҳаллабай” ишлаш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент томонидан Стратегия мақсадларини ҳаётга жорий этиш борасида муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. Хусусан, эҳтиёжманд аҳолини рўйхатга киритиш, моддий ёрдам, субсидия ва кредит ажратиш каби 70 дан ортиқ масалалар, туман ва вилоят идораларига чиқмасдан, маҳалланинг ўзида жамоавий ҳал қилиниши таъкидлаб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан масалаларни жойида самарали ҳал қилиш мақсадида амалдаги “маҳалла бешлиги”га солиқчи ва ижтимоий ходим ҳам қўшилиб, биргаликда ишлайдиган “маҳалла еттилиги” тизими жорий қилиниб, уларнинг ҳар бирининг вазифалари аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Бундан ташқари, “маҳалла еттилиги” ишини биргаликда ташкил қилишда маҳалла раисларининг ваколатлари кенгайтирилиб, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, солиқчи ва ижтимоий ходимнинг ойлик иш ҳақи маҳалла раиси томонидан тасдиқланиши белгиланмоқда.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, Стратегия доирасида ҳар йили 1 миллиондан ортиқ нуронийлар учун республика бўйлаб диққатга сазовор жойлар, хусусан, тарихий шаҳарлар, қадимий обидалар, зиёратгоҳлар ва юртимизнинг сўлим гўшаларига саёҳатлар ташкил этиш вазифаси ҳам қўйилди. Ҳеч шубҳасиз, бу нуроний отахон ва онахонларимизнинг кайфиятини кўтариб, соғлиғига ижобий таъсир қилади ҳамда ҳаётдан розилигини оширади.

Қолаверса, 2026 йилга қадар камбағалликни ўтган йилга нисбатан 2 баробарга, 2030 йилга қадар эса кескин қисқартириш, меҳнатга лаёқатли аҳолини, шу жумладан, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларни барқарор ва самарали бандлигини таъминлаш орқали ишсизлик даражасини 7 фоизгача тушириш вазифасининг самарали бажарилиши фуқароларимиз тумуш даражаси янада ошишига, юртимиз тараққиётини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Президентимиз Бош Ассамблеянинг 78-сессиясидаги нутқида “Ўзбекистон — 2030” стратегияси БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғунлигини алоҳда таъкидлаб ўтди. Бу бежиз эмас. Чунки юртимизда ушбу йўналишда муҳим чора-тадбирлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари юксак минбардан туриб, Ўзбекистон БМТ Бош котиби томонидан илгари сурилган “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” борасидаги ташаббусни қўллаб-қувватлашини билдирди. Шунингдек, мазкур ташаббус доирасида тажриба алмашиш учун 2024 йили БМТ шафелигида “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл” бутунжаҳон конференциясини юртимизда ўтказиш таклиф этилгани ижтимоий соҳадаги ишларимизга дунё ҳамжамияти нигоҳини қаратиш ва хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда, бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни янада такомиллаштиришга имконият яратади.

Гўзал АЛИМОВА,

Жамоат хавфсизлиги университети Иқтисодий фанлар кафедраси доценти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер