Инсон ҳуқуқлари бола ҳуқуқларини таъминлашдан бошланади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилиш, бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, ногиронлиги бўлган болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Болаларга ғамхўрлик қилиш, уларни доимо қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашишга давлат сиёсати даражасида катта эътибор қаратилмоқда. Зеро, ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз ворислари бўлган болалар мамлакатнинг катта хазинасидир.
Йиғилишда қайд этилганидек, бугунги кунда миллий қонунчилигимизда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган қонун ҳужжатлари сони 40 дан, қонуности ҳужжатлари сони 500 дан ортиқни ташкил этади. Бу эса бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик билан ихтисослашган ҳолда иш олиб бориш ҳамда унинг ижроси бўйича таъсирчан механизмларни яратиш заруриятини юзага келтирди.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида бола ҳуқуқларига доир кўплаб устувор вазифалар ўрин олганки, лойиҳанинг қабул қилиниши боланинг ҳуқуқ ва эркинлиларини ҳимоя қилиш борасида Болалар омбудсманининг давлат органлари, ҳуқуқни мухофаза қилувчи ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги кучаяди.
Буларнинг барчаси адолатни ҳар бир инсон учун, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини энг олий қадрият деб ҳисобловчи Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ғояларига тўла ҳамоҳанглиги билан аҳамиятлидир.
Муҳокамалар давомида депутатлар партия позициясидан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси юзасидан ўз таклифлари, фикр-мулоҳазаларини билдирди. Лойиҳадаги айрим нормалар юзасидан бир қатор саволларни ўртага ташлашди ва уларга батафсил жавоблар олинди.
Қизғин давом этган бахс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.
Йиғилишда кун тартибидан ўрин олган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг