Инсофни ҳам жиғилдонга урасизми?
— Қўшнижон, янги уй сотиб олибсиз, деб эшитдим. Муборак бўлсин.
— Қуллуқ, айланай. Шу десангиз, неварамга атаб яна битта икки хонали уй сотиб оляпмиз. Сизга айтсам, карантин пайтида савдомиз роса юришди. Акангиз бозордан кўтарасига арзон-гаровга олган картошкаю пиёз қўлма-қўл бўлиб кетди. Уни қўйинг, ҳар куни бир миллион сўмга харид қилинган резавор кўкатлар хаял ўтмай икки миллион сўмга айланиб, ўзимизга қайтди. Қизим “Институтга ўқишга кираман” деб юрганди, “Ўқиш – пўқишингни қўй. Мана ман ўқиганман. Дипломим сандиқда ётибди. Ҳамма пул савдода” деб ёнимга олдим...
Бу гапларни эшитиб турган зиёлинамо аёл лабини тишлаганича нарига кетди. У “дом” олдида савдо-сотиқ қиладиган бу аёлнинг тарозидан уриши ҳақида ҳам орқаравотдан эшитганди...
Сир эмас, пандемия шароитида одамларнинг бозор-ўчар қилиш имконияти чекланди. Рўзғор эса ўз номи билан рўзғор. Қора қозон қайнамаса бўлмайди. Ана шу вазиятдан айрим ноинсофлар фойдаланиб қолишди. Маҳсулотни бозордан кўтарасига олиб, кўп қаватли уйлар олдидаги омонат дўконлари орқали маҳалладошларига икки-уч баравар қимматига сота бошлашди.
Бундай “тадбиркорлик”дан кимга наф? Албатта, сотувчига. Ҳар ҳолда харидорга эмас. Бояги аёлнинг уч – тўрт ой ичида бир эмас, иккита уйли бўлиши бунинг яққол исботи.
— Маҳсулот устига ноинсофларча нарх қўйиб, қўни-қўшни, маҳалладошларига пуллаётган, тарозидан ураётган,одамларнинг ҳаққини шу тариқа жиғилдонига жойлаётган кимсаларнинг орамизда учраб тургани афсусланарли, албатта, — дейди ғиждувонлик кекса педагог, меҳнат фахрийси Ҳаким Ражабов. — Харидорнинг иложсизлигидан фойдаланиб, ўз очкўзликлари эвазига йиққан бойликлари уларга ҳузур-ҳаловат олиб келармикан?
Йўқ, албатта. Диний қадриятларимизда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Ҳадисларда айтилишича, ҳалол ризқ қалбни, наслни пок сақлайди. Бинобарин, ёлғон сўзлаш, инсофни унутиш, тарозидан уриш эвазига топилган бойлик кишига ҳаловат эмас, ғурбату кўргуликлар олиб келиши тайин.
Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг