Инфографика: Жаҳонда пахта ишлаб чиқариш тақсимоти — Ўзбекистон улуши қандай?

09:30 14 Апрель 2026 Иқтисодиёт
430 0

Иллюстратив фото

Жаҳонда пахтанинг асосий қисми саноқли давлатлар томонидан ишлаб чиқарилади. Бу эса глобал бозорда рақобат ва нарх шаклланишига бевосита таъсир кўрсатмоқда. АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDA) прогнозлари ва Trading Economics таҳлилларига кўра, етакчи ўринларни Хитой, Ҳиндистон ва Бразилия эгаллаб турибди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳам мазкур бозорда барқарор иштирокчи сифатида ўз ўрнига эга бўлиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар билан эътибор қозонмоқда.

Хитой 7,7 миллион тонна (29 фоиз) пахта ишлаб чиқариш билан дунёда етакчи бўлиб қолмоқда. Унда, айниқса, Синьцзян ҳудудидаги юқори даражада механизациялашган ишлаб чиқариш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳиндистон эса 5,1 миллион тонна (19 фоиз) билан иккинчи ўринда, аммо мамлакатдаги ҳосилдорлик муссон ёмғирларига кучли боғлиқлиги сабаб барқарор эмас. Бразилия 4,2 миллион тонна (16 фоиз) билан учинчи ўринни эгаллаб, экспортга йўналтирилган агросаноат орқали ўз улушини кенгайтирмоқда.

АҚШ тахминан 3 миллион тонна (12 фоиз) ишлаб чиқариш билан тўртинчи ўринда бўлса-да, жаҳондаги энг йирик пахта экспортчиси ҳисобланади. У асосан Хитой, Вьетнам ва Бангладеш бозорларига маҳсулот етказиб беради. Мамлакатда ишлаб чиқариш ҳажми кўп жиҳатдан иқлим шароитлари, хусусан, Техас штатидаги қурғоқчиликларга боғлиқ.

Ўзбекистон эса тахминан 0,6 миллион тонна (2 фоиз) пахта ишлаб чиқариш билан жаҳон бозорида муносиб улушга эга. Сўнгги йилларда тармоқда амалга оширилаётган ислоҳотлар, кластер тизимининг жорий этилиши ва қўшимча қиймат занжирини ривожлантиришга қаратилган чоралар мамлакат позициясини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шунингдек, Покистон (1,1 млн тонна), Австралия (1 млн тонна) ва Туркия (0,7 млн тонна) каби давлатлар ҳам сезиларли ҳиссага эга.

Пахта ишлаб чиқаришнинг энг асосий қисми саноқли давлатларда жамлангани глобал бозорни айнан шу мамлакатлардаги қарорлар ва шароитларга боғлаб қўймоқда. Хусусан, иқлим ўзгаришлари ёки сиёсий омиллар ушбу давлатларда юз берса, бу жаҳон миқёсида таклиф ва нархларга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер