Индонезияда бортида 280 киши бўлган паром ёниб кетди. Қурбонлар бор (+видео)
Индонезия соҳиллари яқинида бортида 280 киши бўлган «KM Barcelon» паромида кучли ёнғин содир бўлди. Бу ҳақида «NBC News» нашри хабар берди.
Хабарда айтилишича, содир бўлган ёнғиндан омон қолиш мақсадида паромдаги йўловчилар сувга сакрашга мажбур бўлган. Оқибатда 130 киши бедарак йўқолган. Дастлабки эвакуация ишлари учун учта кема ҳамда маҳаллий балиқчиларнинг кемалари сафарбар қилинган.
Мазкур фожиа паром Талауд оролидан Шимолий Сулавеси провинциясидаги Манадо шаҳрига сузаётган вақтда содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида беш нафар инсон ҳалок бўлган.
Сўнгги хабарларга кўра, юздан ортиқ инсонлар қутқарилган. Бедарак йўқолган йўловчиларни излаш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг