Индонезия билан хусусий университетлар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича тажриба алмашилади
Бугун Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов шу кунларда юртимизда бўлиб турган Индонезиянинг Гунадарма университети ректори Eco Sri Маргианти хоним бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Мулоқотда Гунадарма университети ва Бухоро давлат университети ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари натижасида йўлга қўйилган қўшма таълим дастурлари, сунъий интеллект ва ИТ соҳасидаги факультетларнинг очилиши ушбу алоқалар ривожининг ёрқин намунаси сифатида кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, университетларни аккредитациядан ўтказиш, уларнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш борасида тажриба алмашишга келишилди.
Учрашувда қайд этилганидек, бугунги кунда Индонезияда 250 та давлат ва 4600 та хусусий олий таълим муассасалари фаолият юритиб, уларда 10 млн га яқин талаба-ёшлар таҳсил олади. Вазир ушбу хусусий олий таълим муассасалари билан ишлаш тажрибаси Ўзбекистонда таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг