Имтиёзли пенсияга чиқиши керак бўлган фуқаро манфаати судда ҳимоя қилинди

14:22 24 Декабрь 2022 Жамият
792 0

Фото: Иллюстратив cурат

«Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддасида қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларининг меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишловчилар жумласидан бўлган қутқарувчилари умумий белгиланган ёш ўн йилга камайтирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эгалиги кўрсатилган. Шу билан бирга «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунига биноан меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда камида 5 йил ишлаган эркаклар ва камида 3 йил 9 ой ишлаган аёлларга пенсия ушбу ҳужжатнинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёши шундай ишда банд бўлинган ҳар бир тўлиқ йил учун 1 йилга қисқартирилган ҳолда тайинланади.

Гапни нега қонунчиликдан бошлаганимизнинг сабаби бор. Аниқланишича, Самарқанд вилояти Булунғур туманида яшовчи А.Ж. 1994 йилдан Булунғур туман 10-сонли касбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисмида бир қанча лавозимларда, 2020 йил 3 январдан туман фавқулодда вазиятлар бўлимида йўриқчи-қутқарувчи (ёнғин ўчирувчи) вазифасида ишлаган. Қонуний ҳуқуқларидан фойдаланиб, имтиёзли ёшга доир пенсияга чиқиш мақсадида мурожаат қилганида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Булунғур туман бўлими томонидан унга пенсия тайинлаш рад этилди.

Қонунчиликка кўра, қутқарув ишларига авария-қутқарув, қидирув-қутқарув, тоғ-кон қутқарув, сув-қутқарув, газ-қутқарув ишлари, шунингдек ёнғинларни ўчириш ҳамда бошқа табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ ишлар киради. Катта эҳтимол билан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Булунғур туман бўлими масъуллари мазкур тартибдан бехабар. Йўқса, мурожаатни кўр-кўрона рад қилмаган бўлишарди.

Фуқаро А.Ж. Булунғур туман адлия бўлимига қонуний ҳуқуқларини тиклашни сўраб қилган мурожаатидан келиб чиқиб, туман адлия бўлими Самарқанд туманлараро маъмурий судига даъво аризаси киритди. Суд ишни ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд тўғрисидаги ишларни юритиш тўғрисидаги Кодексининг 148, 154-158 ва 188-189-моддаларини қўллаб, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Булунғур туман бўлимининг фуқаро А.Ж.га пенсия тайинлашни рад этиш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топди. Фуқаро А.Ж.га умумий белгиланган ёшни ўн йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли ёшга доир пенсия тайинланадиган бўлди.

Мансур ҲАСАН,

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси

ахборот хизмати раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер