Имтиҳонларсиз хорижий тил билиш сертификатини олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди
Тошкент шаҳрида хорижий тил билиш сертификатларини сохта йўл билан олиб беришга уриниш ҳолати фош этилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳри бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур ҳолатга чек қўйилди.
Маълумотларга кўра, фуқаро Д.С. фуқаро Ф.А.га ҳеч қандай имтиҳонларсиз «TOEFL IBT Home Edition» хорижий тил билиш сертификатини олиб беришни ваъда қилган. У бу хизмат учун 1,4 минг АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 700 АҚШ долларини олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишини қўзғатди. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва қонунбузарликка алоқадор шахслар аниқланмоқда.
Мутасаддилар таъкидлашича, ҳужжатларни сохталаштириш ва қонунбузарликлар орқали сертификатларни қўлга киритиш ҳаракатлари жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, фуқаролардан расмий тартибда имтиҳон топшириш ва ҳар қандай сохта таклифларга учмаслик сўралмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг