Икки қардош элнинг ардоқли шоири
Фото: Халқ сўзи
Фарғона давлат университетида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ижодига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Икки қардош элнинг ардоқли шоири ижодига бағишланган бадиий кўргазма, қорақалпоқ халқининг миллий маданияти ва турмуш тарзи акс этган саҳна кўринишлари ҳамда қорақалпоқ ўтови намойиши иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.

Тадбир доирасида серқирра ижодкорнинг бой адабий-маънавий мероси, ватанпарварлик ғоялари мавж урган шеърияти, ибратли ҳаёт йўлига бағишлаб ташкил этилган «Ибройим Юсупов хонаси»нинг очилиш маросими ҳам ўтказилди.
Адабий-бадиий кечада Ибройим Юсупов асарлари асосида яратилган спектакль намойиш этилди. Адиб ижоди намуналаридан мушоира, ўзбек ва қорақалпоқ тилларида жаранглаган қўшиқлар, жўшқин рақслар тадбирга янада файз бағишлади.
Шунингдек, ФарДУ томонидан Ибройим Юсупов маънавий ва адабий меъросини абадийлаштириш, унинг ижодини талаба-ёшларга чуқур ўргатиш мақсадида эълон қилинган «Эл фарзанди» мавзусидаги шеърлар ҳамда расмлар кўрик-танловида фаол қатнашган, фахрли ўринларни қўлга киритган бир гуруҳ талабалар пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.
— Бугун Фарғона давлат университетида Ибройим Юсуповнинг ижод байрамида иштирок этаётганимдан ҳурсандман, — дейди Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳмонов. — XIX асрда қорақалпоқнинг классик шоирлардан бири Бердақ бўлса, XX асрда Ибройим Юсупов эди. Устоз ижодкорни Фарғонада шундай эъзозлашларини кўриб, беҳад чоғ бўлдим.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг