Икки давлат ёшларининг санъат фестивалига тўрт мингдан зиёд ёшлар жам бўлди
Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Хитой маданият маркази ҳамда бир нечта ўқув муассасалари билан ҳамкорликда юртимизда хитой тилини ўрганаётган ёшларнинг II санъат фестивали ўтказилди. “Халқлар дўстлиги саройи”да бўлиб ўтган тадбир “Бир макон, бир йўл – орзулар сари ” деб номланиб, унда тўрт мингдан зиёд ўзбек ва хитой ёшлари жамланди.
– Ушбу тадбир икки давлатни дипломатик алоқаларининг 28 йиллигига ҳам бағишланади, – дейди – ХХРнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сзян Ян. – Шиддат билан ривожланиб бораётган халқаро сиёсий вазиятда Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари вақт синовидан ўтди, сезиларли даражада тараққий топди ва барча соҳаларда самарали натижаларга эришди. Ушбу дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларимиз келгусида янада мустаҳкам бўлишига умид қиламиз.
Анъанавий тарзда йўлга қўйилган фестивал бу йил кенг кўламлилиги билан фарқ қилиши алоҳида эътироф этилди.
– Хитой тилини ўн йилдан буён ўрганиб келаман ва ҳар гал ушбу тилнинг янги қирраларини кашф қиламан, – дейди Шарқшунослик институти лингвистика йўналиши магистранти Хуршида Каримова. – Хитой тили тадқиқотига бағишлаб кўплаб илмий мақолалар ёзганман. Улардан бири хитой мақолларининг лингво-културологик таҳлилига бағишланган. Ушбу фестивалда мен тилнинг яна бошқа жиҳатлари борасида ҳам илмий изланишлар олиб бориш борасида ғояларга эга бўлдим.
Фестивалда пойтахтимизда хитой тилини ўргатувчи боғча, мактаб, лицей ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди.
Юлдуз ЎРМОНОВА, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг