Ихчам ва ҳавасли тўй барчанинг орзуси

11:21 11 Май 2018 Жамият
2875 0
Фото: svadebka.ws

Тўй-ҳашам ҳам, маърака-маросим ҳам миллий маънавиятнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Аслида бу борада ҳар бир халқнинг ўз мероси, анъаналари ва қарашлари бор. Бироқ кейинги пайтларда бундай маросимларни ўтказишда миллий маънавиятимизга зид манзаралар ҳам намоён бўлаяпти.

Айрим кимсалар бу каби тадбирлардан ўзининг жамиятдаги мавқеини кўтариб олиш, бойлигини кўз-кўз қилиб, одамларга кўрсатиб қўйиш, кимдандир ўзиб кетганини исботлаш ҳамда шу сингари бошқа номаъқул мақсадларини амалга ошириш учун фойдаланаяпти. Шу боис тўй-ҳашам, оилавий тадбир, маърака-маросимларни тартибга солиш бугунги кунда жамиятимиз учун ўта долзарб масала бўлиб турибди.

Халқимизда “Кўрпангга қараб оёқ узат”, деган гап бор. Аммо аксарият тўйларда бунга риоя этилмайди. Қарз-қавола олиб бўлса-да, фалон сўмга келувчи “бирров”чилар — номдор санъаткорларни чақиради. Ана шунинг ўзидаёқ тўй ўтказувчи 5 — 10 миллион сўм ортиқча, аниқроқ айтганда, мақсадсиз харажатга тушади. Бир кунлик тўй деб оила 3-4 йил қарз узиш билан овора бўлади.

Тўйлардаги исрофгарчиликлар кишини ташвишга соладиган яна бир муаммо. Тансиқ таомлар, ичимликни-ку айтмай қўяверинг. Овқатнинг ейилгани ейилади, қолгани қолади. Синдирилган ярим-ёрти нонларнинг қанчаси увол бўлади. Гоҳида “Ноз-неъматларга тўла тўкин-сочин дастурхонимизга кўз тегмасин”, деймиз-у, бироқ элимизнинг “Нимани хор тутсанг, шунга зор бўласан”, деган нақлини унутиб қўямиз.

Хўш, олдин ота-боболаримиз тўй-маросимларни қандай ўтказишган? Тўй куни қурби етса, битта қўй сўйиб, етмаса “дўппи”дек ош тайёрлаб, маҳалла оқсоқолларига уйланаётганини эълон қилиб, келинни олиб келаверган. Келин томон қурби етса, куёвга битта кўйлак, чорси (қийиқча) ва дўппи ҳозирлаган, қурби етмаса, келиннинг ўзи тиккан битта чорси берилган. Шу аснода тинч, осойишта, тоқатдан ташқари талаблар гирдобига ғарқ бўлмай, камтарона, қулай ҳаёт бошланган ҳамда кўп йиллар қўша қариб, тотув, иноқ, ҳавас қилса арзигулик умр кечиришган.

Шуларни ўйларканмиз, “Бугун нега бунчалик дабдабага берилаяпмиз?” деган савол кишини мулоҳазага чорлайди. Халқ вакили сифатида жойларда бўламиз, одамлар билан гаплашамиз, тўй-маъракаларда қатнашамиз. Айниқса, 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масаласи кўриб чиқилгач, барчамиз бу мавзуга янада жиддий эътибор қарата бошладик.

Ҳозир оддий одамлар билан суҳбатлашиб билаяпмизки, парламент даражасида кўрилаётган мазкур масалага одамларнинг фикри ниҳоятда ижобий. Масалан, Самарқанд вилояти аҳолиси вакиллари билан мулоқотларимиз чоғида тўй-тантаналарни кимўзарга ўтказишга барҳам бериш, кераксиз тадбирларга чек қўйиш, дабдабабозликларнинг олдини олиш зарурлигини одамлар тўла англаб етаётганини ҳис қилдик. Юртдошларимиз тўйлар ихчам, одамларга даҳмаза келтирадиган эмас, аҳилликка ундайдиган, меҳр-оқибатни кучайтирадиган тадбир бўлиши зарурлигини исташини англадик.

Албатта, оилавий тадбирларни тартибга солиш жамият учун ҳам муҳим ижтимоий аҳамиятга эга экани боис, аҳоли томонидан билдирилаётган турли таклиф ҳамда фикрларни инобатга олиб, ушбу масалани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни мукаммал ишлаб чиқиш ҳар жиҳатдан тўғри. Шу маънода, Олий Мажлис Сенатининг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори билан тузилган Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга оид жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳига катта масъулият юкланган.

Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида оилавий тадбирларни ўтказиш борасида шаклланган ўзига хос урф-одат ҳамда анъаналарни аҳоли иштирокида чуқур ўрганиб, муҳокамалар якуни бўйича Сенатга асосланган таклифлар ишлаб чиқиш ўта муҳим юмуш ҳисобланади.

Олдимизга юксак ва эзгу мақсад қўйиб, маърифатли жамият барпо этиш сари интилаётган эканмиз, жамиятда ҳар қандай иллатнинг чуқур илдиз отишига йўл қўймаслигимиз лозим. Тўй-ҳашам, маърака-маросимларимиз билан боғлиқ сохта, хўжакўрсинлик одатлари ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир қилмаслиги керак. Аксинча, топганимизни кераксиз ҳою ҳавасга, дабдабага эмас, эҳтиёжимиздан ортиқ маблағни халқимизнинг азалий одатларига риоя этиб, хайр-эҳсон, меҳр-мурувват кўрсатиш, муҳтожларга ёрдам бериш, тураржойларимизни обод қилиш, йўллар, кўприклар қуриш, ишлаб чиқаришга сарфласак, ҳар жиҳатдан фойдали, савобли ишга қўл урган бўлардик.

Зайнаб БЕРДИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер