ИИВ нашрлари 90 ёшга тўлди

14:14 12 Май 2020 Жамият
1146 0

Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг “Постда” ва “На посту” газеталари 1930 йил 12 майдан чиқа бошлади. Газеталар дастлаб фақат ички ишлар ходимларига мўлжалланган бўлиб, унда республика ички ишлар идоралари ходимлари фаолиятига оид материаллар бериб борилган. Ўша даврда бир ойда уч марта, 150 нусхада чоп этилган бўлса, 50-йилларга келиб, газеталар тиражи 6 мингга етди. Таҳририят ходимларининг саъй-ҳаракати билан 1960 йилдан эътиборан ҳафтасига икки марта 10 минг нусхада чиқа бошлади.

1965 йил 1 августдан бошлаб нашрларнинг кенг жамоатчиликка мўлжалланган якшанба сонларини чоп этиш йўлга қўйилди. Газеталар тез оммалашди, муштарийларнинг талаб-эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 1970 йилдан газеталар ҳафтада уч марта босила бошланди.

ХХ асрнинг 90-йиллари бошида Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ташаббуси билан 1990 йилда “Постда” ва “На посту” газеталарини қайта тиклашга қарор қилинди. 1991 йил 1 январда икки тилда алоҳида чоп этилган нашрларнинг илк сони ички ишлар ходимлари ва кенг жамоатчиликка етиб борди.

Дастлаб тўрт саҳифадан иборат бўлган газеталарни ҳафтада уч марта чиқариш йўлга қўйилди. Таҳририят моддий базаси мустаҳкамлангач, саҳифалар сони саккизтага етказилди, кейинчалик эса 16 саҳифада чоп этила бошланди. Нашрларни қайта тиклашда Зокир Атаев, Ғайрат Болтабоев, Константин Тимохин, Сиддиқхўжа Сулаймонхўжаев, Ҳабибулла Шодиев каби инсонларнинг ҳам хизмати катта бўлди.

1998 йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан “Постда” ва “На посту” газеталари таҳририяти базасида республика ИИВ Бирлашган таҳририяти ташкил этилди. ўша йил сентябрь ойида “Qalqon” ва “Щит” журналларини чоп этиш йўлга қўйилди.

Газета ва журналларда берилаётган материалларнинг савияси яхшиланди, мундарижаси кенгайтирилди, мақолаларнинг ҳар бир нашр учун алоҳида- алоҳида, айнан бир-бирини такрорламайдиган қилиб тайёрлашга эътибор кучайтирилди, дизайни замон талабига жавоб берадиган даражага келтирилди. “Постда” ва “На посту” газеталарида “Сулола”, “Династия”, “Ибрат”, “Соҳа фидойилари”, “Қонун – ҳуқуқ кафолати” каби саҳифалар ҳам ташкил этилди.

“Qalqon” ва “Щит” журналларида ички ишлар идоралари ходимларининг машаққатли хизматини таҳлилий ёритишга, хориж ички ишлар идоралари тизимлари фаолиятига бағишланган материалларга, суд очеркларига, бадиий иқтидорга эга ички ишлар ходимлари асарларини чоп этиб боришга асосий эътибор қаратилди.

2009 йилга келиб “Постда” ва “На посту” газеталарининг умумий адади 62 мингдан ошган бўлса, “Qalqon” ва “Щит” журналларининг умумий тиражи қарийб 15 мингтага етди.

Шу ўринда ИИВ Бирлашган таҳририяти ижодий ходимларининг фаолиятлари мамлакатимиз миқёсида алоҳида эътироф этилаётганини айтиб ўтиш ўринли бўларди. Республика Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган “Энг яхши ҳуқуқий мақола” кўрик-танловида таҳририятнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ўз мухбири Дурдибой Худойшукуров Фахрий ёрлиқ ва рағбатлантирувчи мукофотни қўлга киритди. Таҳририят мухбири, майор Муҳаббат Ибрагимова Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўтказилган “Матбуот маликаси – 2008” танловида совриндор бўлди. Ҳуқуқий тарғибот борасида фаоллик кўрсатган бўлим мудири Бобомурод Тошев Адлия вазирлиги томонидан тақдирланди. Таҳририят фотомухбири Абу Кенжаев “Олтин қалам” халқаро танловида “Энг яхши фоторепортаж” номинацияси ғолиби деб топилиб, қимматбаҳо мукофот ва махсус диплом билан тақдирланди. Таҳририят бўлим мудири Елена Кузнецова “Инсон ҳуқуқлари журналист нигоҳида” кўрик-танловида фахрли учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, таҳририятимиз экология мавзусини ёритишда фаоллик кўрсатгани учун “Экосан” халқаро ташкилотининг махсус совғасига сазовор бўлди.

2020 йилда 12 май куни ИИВ нашрлари бўлган – “Постда” ва “На посту” газеталари ўзининг 90 йиллигини нишонламоқда. Таҳририят ходимлари ушбу санани муносиб ютуқлар билан кутиб олишмоқда. Уларнинг келгусидаги мақсадлари ҳам эл хизмати йўлида ижодий изланишларни жадал давом эттиришдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер