ИИБ ходимлари фарғоналик ўқитувчини қийнаб, бир оёқда туришга мажбурлагани ростми?

21:55 02 Август 2020 Жамият
1674 0

Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган «Фарғоналик ўқитувчи: ИИБ ходимлари мени калтаклаб, бир оёқда тик туришга мажбурлашди» сарлавҳали хабар юзасидан Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати расмий маълумот берди.

Унда айтилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар масъуллар томонидан ўрганилган. Ҳақиқатдан ҳам жорий йилнинг 26 июль куни Фурқат туманидаги 34-сон ихтисослашган умумтаълим мактабида компьютер ўғирланиши билан боғлиқ ҳолат содир этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Хабарда келтирилганидек ИИО ходимлари жисмоний тарбия ўқитувчиси Шуҳрат Жўраевни қийноққа солганлиги билан боғлиқ ҳолат юзасидан Фурқат туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Шунингдек вилоят ИИБ томонидан ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.Текширувлар якунига кўра, қўшимча хабар берилади, дейилади ушбу изоҳда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер