ИҲТ кузатувчилари Ўзбекистондаги бўлажак референдумда иштирок этади

19:29 13 Март 2023 Сиёсат
855 0

Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов 12 март куни Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Жидда шаҳридаги қароргоҳида ИҲТ бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа билан учрашди.

Суҳбат аввалида Ҳусайн Иброҳим Тоҳа Ўзбекистон Президентининг 2022 йил август ойида Саудия Арабистонига ташрифи, шунингдек, у билан бўлиб ўтган музокаралар якунларини юқори баҳолади.

Бош котиб ташкилот тизимининг фаол ва муҳим иштирокчиларидан бирига айланган Ўзбекистон ва унинг ИҲТ билан ҳамкорлиги амалий жиҳатдан кенгаяётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Ҳусайн Иброҳим Тоҳанинг айтишича, сўнгги 5 йилда Янги Ўзбекистон мусулмон давлатлари билан алоқаларни сезиларли даражада оширган. Тошкентнинг янги сиёсати сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтиришга, ҳамда Марказий Осиё барқарорлиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалаларига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистон қисқа вақт ичида минтақадаги қўшнилари билан ўзаро тушуниш ва шериклик муҳитини яратишга муваффақ бўлди. Бу ўз навбатида, Ўзбекистонинг ислом оламидаги роли ҳамда таъсирини кескин оширди.

ИҲТ бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа, шунингдек, Ўзбекистон афғон масаласида муҳим роль ўйнашини ва Афғонистонга кўп томонлама гуманитар ҳамда иқтисодий ёрдам кўрсатиш бўйича турли лойиҳаларни илгари суриш ташаббуси билан чиқаётганини алоҳида таъкидлади. ИҲТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Ўзбекистон билан бу давлат бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва қўшма чоралар кўриш тарафдори.

Бош котибга республикада конституциявий ислоҳотлар бўйича референдум ўтказилиши ҳақида маълумот берилди.

Ўз навбатида, бош котиб Ҳусайн Иброҳим Тоҳа сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда ҳаётнинг барча жабҳаларини модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни алоҳида эътироф этди.

Шу нуқтаи назардан, у халқ орасида ҳам, халқаро ҳамжамиятда ҳам аллақачон юксак қўллаб-қувватланаётган Ўзбекистон раҳбариятининг ички ва ташқи сиёсатига мувофиқ Конституцияни янгилаш ўз вақтида амалга оширилаётганини таъкидлади.

Ҳусайн Иброҳим Тоҳа ушбу муҳим сиёсий тадбирда ИҲТ кузатувчилари иштирок этишини тасдиқлади.

Унинг айтишича, тарихий Самарқанд шаҳрини кўриш учун Рамазон ойидан сўнг Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер