Ички туризмни рағбатлантирувчи субсидиялар учун аризалар қабул қилинмоқда
Туризм ва спорт вазирлиги томонидан ички туризмни рағбатлантирувчи субсидиялар миқдори тасдиқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Унга кўра, саёҳат ташкилотчиларининг субсидия олиш учун аризаларни топшириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 февралдаги «Ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 100-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш харажатларининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси республика буджетидан қайтариш тартиби тўғрисидаги Низом»га мувофиқ тартибга солинади.
Саёҳат ташкилотчиси субсидия олиш мақсадида Туризм ва спорт вазирлигига ушбу Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклда ҳар ой якуни билан кейинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмай ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.
Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
а) ариза берувчининг номи, жойлашган жойи (почта манзили), СТИР ва хизмат кўрсатувчи тижорат банкидаги ҳисоб рақами реквизитлари тўғрисидаги маълумотлар;
б) авиа ва темир йўл чипталари учун тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари (шартнома, ҳисоб-фактуралар, шунингдек шартномага илова тариқаси туристларнинг паспорт маълумотлари тўғрисидаги рўйхат) Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 февралдаги 100-сон қарорига мувофиқ);
в) саёҳат ташкилотчилари томонидан жойлаштириш воситаларида маҳаллий туристларга кўрсатилган хизматлар учун тузилган шартномалар бўйича тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (электрон ҳисоб варақ-фактура, касса ёки терминал аппарат чеклари, банк тўлов ҳужжатлари шартномага илова тариқаси туристларнинг паспорт маълумотлари тўғрисидаги) нусхалари (Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 февралдаги 100-сон қарорига мувофиқ);
г) туристик ваучерларнинг нусхалари (Ўзбекистон Республикаси «Туризм тўғрисида»ги ЎРҚ-549-сонли қонунининг 3-моддасига асосан, сайёҳнинг тур таркибига кирувчи хизматларга бўлган ҳуқуқини белгиловчи ва уларнинг ҳақи тўланганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжат, шунингдек мазкур қонуннинг 26-моддасига кўра Туроператор ва (ёки) турагент ва туристик маҳсулот буюртмачиси шартномада туристик маҳсулотдан фойдаланиш шартларини, жумладан саёҳатнинг дастурини, саёҳатнинг йўналиши ва шарт-шароитларини, жойлаштириш воситалари, яшаш ва овқатланиш шароитлари, туристни ва экскурсантни вақтинча бўлиш мамлакатида (жойида) ташиш бўйича хизматлар, экскурция етакчиси, гид (гид-таржимон), йўриқчи-йўл бошловчи мавжудлиги, қўшимча хизматлар тўғрисидаги маълумотларни келтирилиши лозим).
Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, март-апрель ойлари харажатларини қоплаш тўғрисидаги аризалар май ойининг 15-санасига қадар қабул қилинадию
Ўз навбатида, Низом талабларидан келиб чиқиб, келгуси ойларининг харажатларни қопланиши тўғрисидаги аризалари кейинги ойнинг 15-санасигача қабул қилинади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг